Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқин муносабатлар минтақадаги умумий хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш имконини беради. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 18 октябрь куни Душанбе шаҳрида «Терроризмга қарши кураш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусида ўтказилган юқори даражадаги халқаро конференцияда айтиб ўтди.

«Минтақадаги умумий хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар учун мустаҳкам асос бу дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги яқин муносабатлардир», — деди Владимир Норов.

Вазир, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари мамлакатларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги салоҳиятини рўёбга чиқаришга ёрдам бераётганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини қабул қилиниши орқали Марказий Осиё мазкур дастурни минтақавий даражда муваффаққиятли амалга ҳаётга тадбиқ этишнинг илк намунасини кўрсатди. Терроризмга қарши кураш бўйича миллий тизимлар шакллантирилди ҳамда мамлакатларнинг БМТ тавсияларига тўлиқ мос келадиган ҳаракатлар стратегиялари ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Владимир Норов Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдираётганини таъкидлади.