Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг тегиши буйруғига асосан Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасига Куватов Журъатбек Дилшадбекович тайинланди, деб хабар қилди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

2020 йил декабрь ойидан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасини Салоҳиддин Юсупов бошқариб келаётган эди. У соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли июль ойида лавозимдан кетди.

Журъатбек Куватов тайинловга қадар «Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонаси раҳбари лавозимида ишлаган. Мазкур ЭИЗ асосан Ҳиндистоннинг етакчи компанияларининг инвестиция ва илғор технологияларини фармацевтика маҳсулотлари ва дори воситаларини ишлаб чиқаришга жалб қилиш мақсадида ташкил этилган.

Унга қадар эса ўзи таъсисчиси ҳисобланган Makro Farm Andijan компаниясига раҳбарлик қилган. Мазкур компания 2019 йилда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ўртасидаги можарода тилга олинган эди.

Ўшанда ССВ Андижон вилоят ҳокимлигида 2019 йил 3 январда ўтказилган йиғилиш баёни қарори билан вилоят молия бошқармасига пул маблағларини тиббиёт муассасаларидан йиғиб олиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳисоб рақамига марказлаштириш ҳамда ушбу пул маблағларига тўғридан-тўғри тузилган шартномаларга мувофиқ, шприц, инфузион система ва тиббий қўлқоплар сотиб олиш топширилганини қайд этган эди.

Бироқ «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга кўра, тўғридан-тўғри шартнома тузиш йўли билан ушбу тиббий буюмларни харид қилиш тақиқланган. Юқоридаги топшириқ асосида Андижон шаҳрида жойлашган «MAKRO FARM ANDIJON» МЧЖ билан юқоридаги қонун талабларига зид равишда тузилган тўғридан-тўғри шартномалар асосида жами 6,3 млрд сўмлик мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаган шприц ва системалар сотиб олинган.

ССВ аслида ушбу маблағларга вилоят аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун дори воситалари ва бошқа зарур тиббий бумлар ҳам сотиб олиниши лозим бўлганини қайд этганди. Бунинг оқибатида, Андижон вилоятида 2018−2019 йилларда шприц, система ва қўлқоплар билан таъминот даражаси зарур эҳтиёждан бир неча маротаба ортиққа таъминланган, лекин шошилинч ёрдам учун керакли бўлган ва бошқа дори воситалари эҳтиёжга нисбатан бир неча маротаба кам харид қилинган.

Журатбек Қуватов 2008 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлагандан сўнг фармацевтика бизнесини бошлаганини маълум қилган. Андижонга қайтиб, дорихона очган, кейин тармоқни кенгайтириб, дори-дармон ишлаб чиқаришни бошлаган.

Унинг сўзларига кўра, фармацевтика корхонаси маҳаллий аналогларини ишлаб чиқариш мақсадида вилоят ҳокимлигидан хориждан келтирилган дори воситалари бўйича маълумотлар олган. Биринчи босқичда компания шприц ва инфузион тизимларни ишлаб чиқарган. Корхонага 2019 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган.

Кейинчалик тадбиркор 700 ўринга мўлжалланган Family Med хусусий клиникасини очишга қарор қилди, бугунги кунда унинг асосчиси Куватов Дилшодбек Тожидинович ҳисобланади. Сўнгра компания Med Sity Group Medical соғлиқни сақлаш марказини очди. Журъатбек Куватов бизнес маркази очиш ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида ҳам гапирган.

1,2 минг нафар ишчи меҳнат қилаётган Makro Farm Andijan корхонасида бугунги кунда 57 турдаги фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Компания «Андижон» футбол клубининг ҳам асосчиси ҳисобланади.