Сешанба кунининг иккинчи ярмида Тошкентда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси пасайди, дея гувоҳлик бермоқда Ўзгидромет маълумотлари.

Ҳаво сифати душанба куни кечқурун кескин ёмонлашиб, кундузи соат 10−12 оралиғида энг юқори чўққисига чиқди. Сўнгра, кузатув станциялари маълумотлирига кўра, ярим тундан кейин пасайишда давом этди. Бу вақтда ҳаводаги РM 2,5 (диаметри 2,5 микрометргача) қаттиқ зарралар билан ифлосланиши 1 кубометр учун 120 микрограмга, PM10 (10 микрометргача) — деярли 130 га яқинлашди.

Куннинг ярмига келиб ёмғир ёғиб ўтганидан сўнг ҳаво тоза бўлишни бошлади ва 14:00 га келиб РM 2,5 кўрсаткичи Юнусобод тумани «Бодомзор» йўлида — чанг 23,3 мкг/кубометр, Чилонзор тумани Халқлар дўстлиги майдонида — 25,4 мкг/кубометрни ташкил этди.

«Ушбу ҳудудларда ҳаводаги чанг миқдори ёмғир ёғганлиги ҳисобли AQI — РМ 2,5 кўрсаткичи бўйича ҳавонинг „яхши“ даражадаги ифлосланиш тоифасига киради», — дейилади Ўзгидромет хабарида.

Охирги кунларда Ўзбекистон пойтахтида кечки ва тунги вақтда ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Ҳарорат инверсияси туфайли ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ҳавонинг турғунлигига, ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланишига шароит яратди, деб таъкидлади бир кун аввал Ўзгидромет. 15 октябрь куни соат 23:00 да ҳаво ҳарорати 17 даража Целсийда PM2,5 зарралари концентрацияси 62 мкг/кубометрни ташкил қилди.

Атмосфера ҳавосининг PM2,5 ва PM10 майда зарралари билан ифлосланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар Ўзгидрометнинг махсус сайти (monitoring.meteo.uz) ва IQAir халқаро сайтида эълон қилинди. IQAir маълумотларига кўра, ушбу янгилик нашр этилган пайтда Тошкент ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунёда биринчи ўриндан 43-ўринга тушган. IQAir ҳаво сифатининг ҳозирги даражасини «ўртача» деб баҳоламоқда.