12 октябрь куни Фарғона вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамда вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди ходимлари томонидан текширув ўтказилди.

Тадбир давомида 1986 й.т., Фарғона шаҳар, А.Қодирий кўчасида яшовчи фуқаро Х.М. (эркак)нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, хонадонидан кейинчалик ўтказиш мақсадида 1150 дона «Трамадол», 14 дона «Регапен» ва 141 дона «Тропикамид», жами 2119 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари сотиш мақсадида сақлаб келинганлиги аниқланди,дея хабар берди ИИБ матбуот хизмати.

Ашёвий далил тариқасида олингач, текширув ишлари давом эттирилиб, Х.М.нинг шериги 1993 й.т., Фарғона шаҳар, Шифокорлар кўчасида яшовчи фуқаро О.Х. (аёл) ўзининг ёнидан 1 дона «Тропикамид», 2 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва 2 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситалари сақлаб келаётганлиги аниқланиб, тадбир иштирокчилари томонидан ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Х.М. ва О.Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар ЖПКнинг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.