12 октябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Тошкентда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Мусо Жаманбаев билан учрашди, дея хабар қилди ИТСВ матбуот хизмати.

Томонлар саноат кооперациясининг янги истиқболли қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқиш, савдо шартномаларини тузиш, Бишкекда икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 10-йиғилиши ҳамда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарларини жалб қилган ҳолда бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифини ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Томонлар икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги қўшма лойиҳалар сонини кўпайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан, 2022−2025 йилларга мўлжалланган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини, шунингдек, Қишлоқ хўжалиги техникаси ва енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги Битим ҳамда Дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласи соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар шаҳар транспорти соҳасида 1,85 млн долларлик лойиҳани молиялаштиришни бошлаган Ўзбек — Қирғиз тараққиёт жамғармаси фаолиятини муҳокама қилдилар. Жамғарма маблағларини жалб қилган ҳолда Қирғизистонда йигирув корхонасини ташкил этиш лойиҳасини молиялаштириш ва травертинни бирламчи қайта ишлаш лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.

Гидроэнергетика ҳамда транспорт ва логистика соҳаларида йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг долзарб масалалари алоҳида тартибда кўриб чиқилди.