Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан собиқ Иттифоқ вақтида бўлганидагидек сиёсат юритмасликни сўради. 14 октябрь куни бўлиб ўтган «Марказий Осиё-Россия» саммитидаги нутқининг видеоёзувини Informburo.kz нашри эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатлари ва Россия ўртасида муаммолар кузатилмоқда.

«Биз очиқ айтишимиз керак. Биз нимани хоҳлаяпмиз? Бутун дунёга Россия ва Марказий Осиё, бизда муаммолар борлигини кўрсатиш учунми? Ва ҳақиқатан ҳам борлиги маълум бўлди. Бизда аллақачон бу „бешлик“ бор! Бефойда суҳбатлар, бекорга маълумот олишлар, маълумотларни ўзлаштириш. Кўзбўямачилик. Ҳеч қандай эффекти йўқ. Америка + Марказий Осиё. Жанубий Корея + Марказий Осиё. Япония + Марказий Осиё. Тез орада, эҳтимол, Покистон + Марказий Осиё. Ҳиндистон + Марказий Осиё. Яна ким қолиб кетди?» — деди у.

«Бизга нима етишмаяпти? Нимадир етишмаётгандек. Нимадир ишлаб кетмаяпти. Совет иттифоқининг парчаланиши асосий сабаби бўлгани каби. (Владимир Путинга мурожаат қилиб — таҳр.) Сиз хафа бўлманг. Биз сиз билан гувоҳ бўлгандик. Қандай қулаганига мен гувоҳ бўлгандим… Мени маъзур тутасиз, ўшанда ҳозиргидек кичик республикаларга, кичик халқларга эътибор ҳам йўқ эди. Эътибор. Анъаналар, урф-одатлар, бошқа ҳаммасиям ҳисобга олинмади. Тараққиёт учун ёрдам кўрсатилмади, қўллаб-қувватланмади», — деди президент фаол имо-ишоралар билан.

«Ва ҳозир одамлар қаёққа қараб кетяпти? Кеча сиз 2 млн (Россияда ишлаётган тожикистонликлар — таҳр.) ҳақида айтдингиз. Бу… Мен хоҳлагандим, лекин бугун айтмоқчиман. 2 млн эмас. Бу 2 млндан ортиқ фуқароларимиз Россияга нафақат пул ишлаб топиш учун учиб кетаяпти. Пул ишлаш учун — 600 мингдан ортиқ эмас. Сиз орқали бошқа мамлакатларга ҳам учишарди. Кўрамиз, келаси йили бу 50 фоизга камаяди, чунки йўл ёпиқ — улар учиб кетолмайди. Ва кейин, улар ўқишяпти, даволанишяпти. Ҳа, азалдан ўзига тортиб келган, ахир улар бир мамлакатда яшаган. Улар қаерга боришяпти? Эронга эмас, Покистонга эмас, Саудия Арабистонига эмас, ёки бизни ҳеч ким кутмаган бошқа жойга (ҳиссиёт билан — таҳр.). Улар Россияга боришяпти», — деди Эмомали Раҳмон.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати.

Тожикистон президенти бизнес-форумлар асосан Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтларида ўтказилаётганини таъкидлади.

«Ҳамкасбларим ранжишмасин. Остона ва Тошкентда, худди Совет Иттифоқида бўлгани каби: Киев, Минск ва Олмаотада. Қолган республикалар олдин қандай бўлган бўлса [шундайлигича қолди]: «сут бер», «пахта бер», «уни бер-буни бер». Ҳеч қандай инфратузилма йўқ… Ҳозир нега биз Тожикистондаги қандайдир бахтсиз бизнес-форум учун ёлворамиз? Ташқи ишлар вазирига: «Чиқ», — деб кўрсатма бердим, биз кутаяпмиз. Мен ҳатто сиз билан гаплашдим. «Оверчукка (Россия бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук — таҳр.) [алоқага] чиқинг, ҳеч бўлмаганда вазирлар даражасида иштирок таъминлансин. Йўқ, вазир ўринбосарлари даражасида. Тожикистон — стратегик ҳамкор мана шунга лойиқ (бош чайқади — таҳр.). Нима учун, нима учун бундай йўл тутаяпмиз?» — сўради у.

Эмомали Раҳмоннинг айтишича, Тожикистонда 2,5 млн мактаб ўқувчиси рус тилини ўрганади, аммо дарсликлар етарли эмас, ваҳоланки бу ҳақда 30 йилдан бери айтиб келиняпти.

«Ҳарбий базалар мавжуд. Полигонлар аввал қандай бўлса, шундайлигича қолган. Ҳамма нарса, бизда … Раҳмат. Мени кечирасиз. Ҳозир 30 минг русийзабон, мен уларни қочқин демайман, кўчиб юрганлар бизга қайтиб келишди. Улар бутун дунёга: „Булар ўша меҳнат муҳожирлари эмас, қаранглар, биз Тожикистондамиз, бу ерда бундай, бундай ва бундай деб“ айтишмоқда… Биздан шундай давлатни ясашдики… қандай айтишни ҳам билмайман», — деди у.

Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати.

Тожикистон президенти шундай давом этди: «Ҳа, биз — кичик халқлармиз. Биз 100−200 млн эмасмиз. Бироқ бизда севадиган тарихимиз бор. Бизни ҳурмат қилишларини истаймиз. Биз тиланчи эмасмиз. Бизнинг давлатимиз бой. Минерал ресурслар захиралари Менделеев тизимидан ҳам кўпроқ. Мен гувоҳман, Россиядан келган барча ишбилармонлар фақат „қаймоғига“ — углеводород хомашёси, нефть ва газ борлиги билан қизиқади. Аммо тоғ-кон саноати, рангли металлургия, қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлар, жуда кўп ва ҳатто ҳарбийлар учун дунёда йўқ стратегик хом ашё мавжуд. Сиз меникида бўлганингизда айтгандим. Захира бўйича Тожикистон биринчи ўринда туради. Ҳеч кимни қизиқтиргани йўқ. Мана, йиғилдик, келинг шароит яратиб берайлик. Биз қаердадир нотўғри иш қилдикми? Қаердадир ким биландир тўғри саломлашмадикми?».

«Биз ҳар доим асосий стратегик ҳамкоримиз манфаатларини ҳурмат қилганмиз ва ҳурмат қиламиз. Бироқ биз ҳам ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз… Нима, биз қандайдир бегонамизми ёки шундайми? — деб сўради Тожикистон президенти. У минтақа давлатларини сармоя киритишга чақирди, чунки бу ерга киритилган сармоя қисқа вақт ичида ўзини оқлаши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у тожикистонликлар бошқа жойга эмас, Россияга боришини яна бир бор эслатиб ўтди. «У ерда улар шунчаки пул топишмаяпти, балки ишлашаяпти ҳам».

Россия президенти Владимир Путин. Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев раис сифатида Эмомали Раҳмондан нутқини якунлашни сўради.

Тожикистон президенти ўз нутқини шундай якунлади: «Владимир Владимирович, бизнинг сиздан илтимосимиз шуки, Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан Совет Иттифоқи даврида бўлгани каби сиёсат юритилмасин. Ҳар бир давлатнинг ўз муаммоси, ҳар бир давлатнинг ўз масалалари, ҳар бир давлатнинг ўзига хос анъана ва одатлари бор. Олтин ўрталикни топиш керак, ҳар бир республика билан алоҳида ишлаш керак».

Видео