13 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги 58-мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди. Наманган ИИБ ҳолатга расмий муносабат билдириб, воқеа ўша куни назоратга олинганини маълум қилди.

Терговга қадар текширув хужжатларига кўра, пайшанба куни соат 16:10 ларда «География» фани ўқитувчиси ўзи раҳбарлик қилаётган 5-«в» синфдаги 2011 йилда туғилган Х.М. хатти-ҳаракатларидан норози бўлган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, синф раҳбари ўқувчисининг бошқа ўқитувчиларнинг дарс вақтида ўзини ноўрин хатти-ҳаракатлари билан қолган ўқувчиларга халақит бериб келаётганини эшитган.

Танаффус пайтида уни тартибга чақирмоқчи бўлганида, ўқувчи синф раҳбарини менсимасдан гап қайтарган.

Шундан сўнг, ўқитувчи жаҳл устида ўқувчининг баданини турли жойларига бир неча маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.

Ҳозирда ҳолат бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланди. Наманган шахар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади. Қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур воқеа бўйича болалар ўртасида юзага келаётган турли тарбиясизликка айнан бефарқлик ва лоқайдлик сабаб бўлаётгани, шу боис ўқитувчини қоралашдан олдин мулоҳаза қилиб кўришга чақирди.

Устозлардан эса болани тарбиялашда бундай усулларга бормасдан ҳар қандай ҳолатда оғир ва вазминлик сақлашни сўради.