Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 3 нафар шартнома асосида ишлайдиган ҳарбий хизматчи банкоматларни бузишга урингани ҳақида хабар берилганди. Мудофаа вазирлиги раддия билан чиқиб, гумондорлар вазирликка алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳарбий хизматчилар тоифасига Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Президенти давлат хавфсизлиги хизмати ва бошқа манфаатдор вазирликлар, идораларнинг қўшинлар таркибида хизмат қилаётган шахслар киради.

«Қўлга олинган ҳарбий хизматчиларнинг Мудофаа вазирлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ, улар Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳарбий хизматчиларидир», — дейилади вазирлик раддиясида.

Маълумотлар тарқатишдан аввал ҳарбий хизматчилар қайси бир вазирлик ёки идора вакили эканлиги аниқлангандан сўнг, аниқ фактларга асосланган ҳолда тарқатилиши мақсадга мувофиқлиги билдириб ўтилган.

«Умумий равишда тарқатилган маълумотлар барча вазирлик ва идораларнинг ҳарбий хизматчилари шаънига путур етказиши мумкин», — дея якунланган Мудофаа вазирлиги раддияси.