2020 йил декабрь ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонда маслаҳат хизматларини кўрсатиш орқали бизнесни қўллаб-қувватлаш ташаббуси доирасида «Аёллар бизнесда» дастурини ишга туширганди. У гендер тенгсизлиги муаммосига ечим топиш, қолаверса, тадбиркор аёлларни молиялаштириш, ноу-хаулардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилган.

Июль ойи охирида ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистон тадбиркор аёллари учун менторинг дастури ишга туширилди. Дастур оператори — SmartGov консалтинг бюроси ҳисобланади. У бизнесга эга ёки уни бошқарадиган аёлларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган.

Дастур ҳақида

Дастурда ментор (устоз) ёки менти (шогирд) сифатида иштирок этиш мумкин. Бундай тизим «устоз-шогирд» анъанавий услубга ўхшайди.

Унда 27 нафар ментор ва 50 нафар менти қатнашмоқда. Улар жуфтликларда махсус ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ ишламоқда. Иштирокчилар учун тренинг, нетворкинг учрашувлар, семинарлар, маҳорат дарслари ва шу кабилар ташкил этилган. Биринчи курс учун аризалар фақат Тошкентдан қабул қилинган эди. Дастур 2023 йилнинг февраль ойигача давом этади.

Менторлар орасида — Ўзбекистон нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси раиси, Leader School асосчиси Фируза Вахабова, Begim компанияси асосчиси (Parfum Gallery) Гулчехрабегим Махмудова, Caravan Group таъсисчиси ва арт-директори Наталья Мусина, «ЧайКоф» қаҳвахона тармоғи асосчиси ва CEO Алина Цимерман, Testo тармоғи асосчиси Замира Рахманова, Maslov PR Tashkent агентлиги лойиҳаларининг ҳамкори ва директори Севиль Сакаева, GoodComm PR Agency раҳбари Нигора Акилова ва бошқалар бор.

Дастур якунида менти инновацияларни жорий этиш, янги бозорлар очиш, янги иш ўринлари яратиш, савдо ва даромадни кўпайтириш бўйича билим ва тажриба орттиради.

«Мақсад — аёллар олдидаги тўсиқларни бартараф этиш»

«Газета.uz» билан суҳбатда SmartGov ижрочи директори Азиза Умарова мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва нима учун давлатнинг ўзи шу каби ташаббусларга қўл урмаслигига тўхталиб ўтди.

«Биз велосипедни қайта ихтиро қилмаймиз. ЕТТБ топшириғига биноан, бизнес билан шуғулланувчи аёллар учун мураббийлик дастури орқали биз аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича глобал талабга жавоб берамиз. Кўпгина тадқиқотлар жаҳон иқтисодиётини икки баробар оширишнинг 100 фоизлик йўли борлиги ва бу аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш эканлигини қайта-қайта исботлади», — деди у.

Унинг мисол сифатида келтиришича, Boston Consulting Group (BCG)нинг ҳисоб-китобларига мувофиқ, агар тадбиркор аёллар сони эркаклар орасидагидек кўп бўлса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти 3 фоиздан 6 фоизга ошади, жаҳон иқтисодиёти эса 2,5 трлн доллардан 5 трлн долларгача ўсади.

«Менторлик дастури Ўзбекистон шароитида ўз мазмун-моҳиятига кўра ноёб бўлсада, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида аллақачон жорий этилмоқда. Бунинг моҳияти оддий — дастур доирасида биз ментор ва ментиларни саралаб олиш учун очиқ танлов эълон қиламиз, сўнгра сараланган ментор ва ментилар жуфтлигини шакллантирамиз. Шуни таъкидлаш керакки, менторлар бозорда камида беш йиллик тажрибага эга, аллақачон ўзини таъминлаётган тадбиркорлардир. Ментилар эса бозорда икки йиллик тажрибага эга интилувчан тадбиркорлардир», — деди Азиза Умарова.

Менторлар ва ментилар ҳақида маълумот дастур сайтида мавжуд. Жуфтликлар менторларнинг кучли лаёқатлари ва ментиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

«Менторлар ва ментилар мақсадлар бўйича келишиб олишади, — деди у. — Олдиндан режалаштирилган йиғилиш режасига мувофиқ, ҳар бир ментидан бутун давр учун камида 8 та учрашув, ментилар бизнес билан боғлиқ масалалар ва муаммолар бўйича маслаҳат ва тавсиялар олишади. Менторлар ва ментилар жамоалари дастур давомида эришилган ютуқлар ва дуч келган қийинчиликларни махсус иш дафтарига ёзиб боришади».

Дастурни бошлаш чоғида ташаббускорлар олдига қандай мақсадни қўйган?

«Дастурнинг асосий мақсади аёлларнинг билим олиши йўлидаги асосий тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, етакчи ҳамда тадбиркор аёлларни бизнесни ривожлантириш, малака ошириш ва шахсий ўсиш, тажриба алмашиш борасида қўллаб-қувватлашдан иборат. Иш ментор ва ментиларнинг ҳар ойлик учрашувларига асосланади, ментилар учун бир қатор семинарлар ва тренинглар ўтказилади, шунингдек, асосий эътибор дастур иштирокчилари билан мулоқотга қаратилган», — деди SmartGov ижрочи директори.

Биринчи гуруҳ Хорека (HoReCa), чакана савдо, консалтинг компаниялари, ишлаб чиқариш компаниялари ва бошқалар каби турли бизнес соҳаларини ифодаловчи ёрқин ва истиқболли иштирокчиларни бирлаштирган.

«Аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари бироз бошқача йўналишда ишлайди. Мамлакатимизда ҳали ҳам мустақил хўжалик бирлашмаларининг кескин танқислиги мавжуд. Эркаклар ва аёллар ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган платформалар кам. Лекин сўнгги 2−3 йил ичида аёлларнинг ўзи ҳам бирлашишга қизиқа бошлади. Умид қиламизки, бир кун келиб бу кучли ва ғайратли бизнес уюшмаларига айланади. Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмасининг 90 йиллардаги шонли тажрибаси барчамизнинг ёдимизда», — деди Азиза Умарова.

Аввало, дастур аёлларга ишончсизликни енгиб ўтишга ва керакли қимматли мураббийлик тажрибасига эга бўлиш учун ёрдам беришга мўлжалланган. Ментордан ташқари, дастур доирасида бир қатор семинар ва тренинглар, кўникмаларни сайқаллаш ва иштирокчиларга билим улашиш кўзда тутилган. Масалан, бизнесни ривожлантириш стратегияси, савдо, франчайзинг, дизайн фикрлаш ва бошқалар шулар жумласидан.

«Натижада, ментилар ўз бизнесларини қандай ривожлантириши ёки кенгайтириши, айланмасини ошириши ва янги иш ўринлари яратиши мумкинлигини ўрганишига умид қиламиз. Дастур шунингдек, иштирокчиларга биргаликда ўсиши ва ривожланишига ёрдам беради ва Ўзбекистонда тадбиркор аёлларнинг катта ҳамжамиятини шакллантиради», — деди у.

Ўртача битта «оқим» 8 ой давом этади. 2023 йилнинг февралига қадар биринчи оқимдан энг кучли жуфтликлар танлаб олинади ва тақдирланади. Биринчи оқим ҳозирча фақат Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда. Кейингилари вилоятларни ҳам қамраб олади.