13 октябрь куни Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 16 нафар фермер ҳокимият биносига чақирилиб, ўз ерларидан «ихтиёрий» воз кечиш юзасидан ариза расмийлаштирилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Фермер хўжаликлари раҳбарларининг аризалари бевосита туман ҳокимлиги биносида нотариус томонидан нотариал тасдиқлаган.

Бундан ташқари, фермерларнинг аризалари билан боғлиқ нотариал ҳаракат, жумладан давлат божи ва бошқа тўловлар қилинаётганда Учкўприк тумани ҳокимлиги ходими Ш. М. ҳам иштирок этган.

Ваҳоланки президент фармонига асосан 2022 йил 1 сентябрдан ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги ариза фақат нотариал тартибда тасдиқланиши қатъий белгиланган. Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан бекор қилиниши мумкин эмас.

Мазкур тартиб фермерларни мажбуран ерини топширтириш, бўш оқ қоғозга имзо чекдириш ёки фермер номидан бошқа шахс имзо қўйиши каби йиллар давомида учраб келган амалиётларга чек қўйиш, шунингдек, исталган пайтда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг ерга бўлган ҳуқуқларини ҳар хил йўллар билан бекор қилишга йўл қўймаслик мақсадида жорий этилган, дея тушунтириш бермоқда вазирлик.

Яъни ихтиёрийлик шахснинг ҳақиқатан асл хоҳиш-иродасининг ифодаси эканлигини тасдиқлаш мураккаб ҳуқуқий жараён эканлигини инобатга олиб, бу муҳим вазифа нотариусларга юклатилган. Учкўприкда кузатилган амалиёт юқоридаги фармон мақсадига, мазмун-моҳиятига, унда белгиланган тартиб ва принципларга зид, дейилади хабарда.

Вазирлик маъмурий бинога чақиртирилиб, ҳокимлик ходимлари иштирокида ушбу нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилиши фермерларнинг асл хоҳиш-иродасини ифода этишига халақит қилувчи катта тўсиқ сифатида қаралиши кераклигини айтди.

Қолаверса, 16 та фермернинг бир вақтда бирваракайига ерни топшириш қарорига келганлиги ва бир вақтда ариза ёзиш мақсадида нотариусга мурожаат қилиш ҳолати тасодиф бўлиши мумкин эмас.

Адлия вазирлиги мазкур 16 нафар фермер хўжалиги раҳбарларининг аризаларини бекор қилиш чораларини кўрмоқда. Ушбу аризалар асосида ерларни туман ҳокимлиги захирасига олиб қўйиш амалга оширилмаслиги назоратга олинди.

Ҳокимлик мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериш юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилинди.

Адлия вазирлиги ҳуқуқий муносабатлар барқарорлиги, ерга бўлган ҳуқуқларнинг таъминланиши қишлоқ хўжалиги ривожланиши учун энг муҳим шартларидан бири эканлигини таъкидлайди. Юқоридаги Фармон мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб зид фаолият юритганлик учун жавобгарлик мавжуд, дейилади хабарда.