Чет эл валюта қимматликларини ноқонуний равишда давлат чегарасидан ўтказилишига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, «Наманган-Нанай» йўналиши бўйлаб Янгиқўрғон тумани ҳудудида ҳаракатланаётган, 1991 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомобили тўхтатилди.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 200 минг АҚШ доллари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, фуқаро ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган қирғизистонлик нотаниш шахслар билан ўзаро тил бириктириб, ушбу жуда кўп миқдордаги хорижий валютани ноқонуний равишда Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.