13 октябрь куни Самарқанд вилоятидан ўтувчи М-37А айланма автомобиль йўлининг 37-километрида Lacetti бетон тўсиққа урилиши оқибатида машина ичида бўлган 5 киши ҳалок бўлди, дея хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

Соат 19:00 да фуқаро 30 ёшли Ж.М. бошқарувида бўлган Lacetti автомашинасида Тошкент — Бухоро йўналиши бўйича ҳаракатланаётиб, машина бошқарувини йўқотган ва йўлнинг қарама-қарши йўналишларини ажратиб турган металл тўсиққа тўқнашган. Тармоқлардаги фотосуратларга кўра, тўсиқ машинани тешиб ўтган.


Юқоридаги суратда эса автомобиль таблосида тезлик кўрсатгичи 140 км/соатда қотиб қолганини кўриш мумкин.

Оқибатда ҳайдовчи Ж.М., йўловчилар — 25 ёшли Ё.У., 41 ёшли Р.Э., 44 ёшли А.У. ва 34 ёшли М.Ғ. тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.