2022 йилнинг III чорагида норезидентлар томонидан яшаш жойларига бўлган талабнинг ортиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари ўсиши ҳамда мавсумий омиллар ҳисобига кўчмас мулк бозорида ўсувчи динамика сақланиб қолди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида маълумот берилди.

Бозордаги фаоллик ва олди-сотди шартномалари республиканинг барча ҳудудларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони ошди. Жорий йил июль-сентябрь ойларида 79,9 мингта шартномалар расмийлаштирилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20%га ошди.

Кўрсаткичнинг баланд бўлиши асосан август ва сентябрь ойларида тузилган шартномалар билан боғлиқ. Ҳудудлар бўйича тақсимланганда энг юқори ўсиш кўрсаткичлари Хоразм (41%), Навоий (39%), Жиззах (32%) ва Қашқадарё (30%) вилоятларига тўғри келмоқда. Ушбу даврда Тошкент шаҳрида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18%га кўпроқ шартномалар расмийлаштирилган.


Бундан ташқари, қидирув тизимларида энг кўп изланган сўровлар натижаларига кўра, ушбу даврда бозор фаоллиги сезиларли даражада ошган. Шу билан бирга, мамлакатда кўчмас мулкни сотиб олиш ва ижарага олишга бўлган қизиқиш маълум мамлакатлардан, хусусан, Россиядан норезидентлар томонидан ўтган чорак бошидан сезиларли даражада ошган, бу қўшимча талаб ва нарх муҳитига нафақат жорий чоракда балки, келгуси давр учун ҳам босим ўтказади.

Таклиф ўртача барқарор даражада сақланиб қолиб, бозорда ҳосил бўлган юқори талабни қисман мувозанатлаштирмоқда.

Ижара ҳақи

Август-сентябрь ойларида турар жойлар учун ижара нархларида ўсиш кузатилди. Июль ойида республика бўйича ижара нархлари вақтинчалик пасайиб (меҳнат таътили даври ва ўқув йилининг якунланиши), сўм биргилида 2,5 фоизга камайди (доллар эквивалентда 2,2 фоиз). Кейинги икки ой ичида 17 фоизлик сезиларли ўсиш кузатилди (мос равишда августда 8,6 фоиз ва сентябрда 7,7 фоиз).

Тошкент шаҳар, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 1 кв.м учун ижара ҳақи сезиларли даражада ошган. Ҳозирги вақтда аҳоли томонидан сезилаётган ижара ҳақининг ошиши инфляцион кутилмаларда ўз аксини топмоқда.

Марказий банк томонидан ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, жорий даврда ва келгуси 12 ой давомида нархлар ўсишининг асосий омилларидан бири сифатида уй-жой ва ижара ҳақи учун тўловларнинг ўсиши сақланиб қолаётганлигини таъкидлаган респондентлар улуши ошганини кўриш мумкин.

Иккиламчи кўчмас-мулк бозори

III чоракда 5,2 фоизга, йил бошидан буён эса 18,1 фоизга қимматлашди.

Сурхондарё, Андижон ва Тошкент вилоятларини ҳисобга олмаганда барча ҳудудларда ўсиш кузатилмоқда. Ушбу ҳудудлардаги нархларнинг пасайганлигини қолган вилоятлар билан солиштирилганда, нисбатан пастроқ фаоллик кузатилганлиги билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, имзоланган шартномалар сонининг ўтган йилнинг III чорагидаги кўрсаткичлар билан солиштирилганда Тошкент вилоятида 6,2 фоиз, Сурхондарё вилоятида -12 фоиз ва қолган барча ҳудудларда 15 фоиздан юқори ўсиш кузатилган. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида олдинги чорак кўрсаткичларига нисбатан 12 фоизлик пасайиш бўлган. Шунингдек, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги бирламчи кўчмас мулк бозор нархларининг кўтарилиши, харидорларни иккиламчи кўчмас мулк бозорига йўналтирилишидан далолат бериши мумкин.

Ёз ойларида иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархлар ўсиши секинлашган бўлса-да, сентябрь ойида сезиларли ўсиш кузатилди. Хорижий сайёҳларнинг кириб келиши натижасида талабнинг ошиши, аҳолининг иккиламчи даромадлари, хусусан, трансчегаравий пул ўтказмаларининг кўпайиши, шунингдек қишлоқ хўжалиги пул тушумларининг ошиши билан боғлиқ мавсумий омиллар нархларнинг ошишига асос бўлмоқда.

III чоракдаги иккиламчи кўчмас мулк бозори нархларининг ўсиши энг кўп Тошкент шаҳри (5.0%), Навоий (7.8%) ва Бухоро (3.3%) вилоятларида қайд этилган.

Юқорида келтирилган омиллар бирламчи бозорга ҳам таъсир кўрсатиб, сентябрда турар-жой нархлари умумий ҳисобда 2,5 фоизга ўсди.

Сентябрь ойида бирламчи бозорда Фарғона водийси, Тошкент, Сирдарё ва Навоий вилоятларида нархлар ошди. Жиззах, Бухоро ва Хоразм вилоятларида эса нархларнинг бироз пасайиши кузатилди.

Умуман олганда, бозорда нархларнинг ўсувчи динамикаси сақланиб қолмоқда. Давлат томонидан аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминланганлик даражасини ошириш мақсадида кўчмас мулкнинг бирламчи ва иккиламчи сектори учун бир қатор қўшимча чоралар кўрилмоқда, дейилади Марказий банк шарҳида.