«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқларни қайта бериб боради. Навбатдаги мақола профессор Алибек Рустамов томонидан 1990 йилда ёзилган.

Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир: «Шоҳмотчи беллашмайди — дона суради»

Муҳтарам газетхонлар, кишининг маънавий тараққиёти учун расмий мактаб ва дарсхоналардан ташқари чойхона ва хонадонларда уюштириладиган маҳфил, яъни дийдору суҳбат давраларнинг аҳамияти улуғдир. Бундай маҳфил жўралари турли илму, ҳунар ва касбу корга мансуб закий кишилардан иборат бўлса, буларнинг ҳар бир мажлиси эл файзига файз қўшади. Мана шуни ҳисобга олиб, биз рўзномамиз воситасида сизлар билан бир маҳфия уюштиришни маъқул топдик. Ота-боболаримизда мавжуд бўлган ва уларнинг гап, гурунг, тўкма ва базмларида оммавийлашадиган закийлик ўзимиздан ва фарзандларимиздан зойил бўлмаслиги учун маҳфилимизга закийликни асосий мавзу қилиб олдик. Бинобарин, бу мажлисни «Закийлик маҳфили» деб атаб, уни баён этиш тилшунос Алибек Рустамовга топширдик.

Жўрабоши — Ассалому алайкум! Бугунги суҳбатни «закий» сўзига оид маълумот билан бошлаймиз.

Қани, домла, сўз сизга!

Домла — «Закий» шаклига эга бўлган иккита сўз бор. Эски ёзувимизда буларнинг бирининг «з»си зе ҳарфи билан, иккинчисиники зол билан ёзилади. Буларниг жаъми, яъни кўплик сийғаси «азкиё» шаклида, масдари, яъни бош сийғаси «зако» шаклидадир Зе билан ёзиладиган «зако» ўсиш, тузалиш ва покланиш, мусаффо бўлиш, «закий» тузук, эзгу, гуноҳдан пок, «азкиё» закийлар дегани. Мазкур «зако»га алоқадор ўсиш яхши, ўсувчан деган маънодаги ва кўплиги «зуко» бўлган сўз ҳам бор. Бугунги ўзбекчада «зукко» шаклида ишлатилаётган сўз мана шу «зуко» сўзининг шаклан ва маънан ўзгарган шаклидир. Шаклий ўзгариш «к» нинг иккиланганидир. Маънодаги ўзгариш жисму, тан ўсишини ақлий ўсишга ҳам кўчирилганидир. Ўсиши яхши ва дуркун болаларни назарда тутиб, «Булар болаларимизнинг зукоси» десак, мазкур сўзнинг асл шакли ва бирламчи маъносида қўллаган бўламиз. Агар зеҳни ўткир кишини «бу зукко чол» десак, унда зуко сўзини ҳам товуш, ҳам сийға, ҳам маъно жиҳатдан ўзгарган ҳолда ишлатган бўламиз. Сўзни бундай қўллаш оммалашгани учун хато ҳисобланмайди. Аммо бу ўринда «зукко» ўрнида «закий» сўзидан фойдаланса, қуйидаги сабабларга кўра жумла адабийроқ тусга эга бўлади:

Зол ҳарфи билан ёзиладиган «зако» зийраклик, яъни зеҳн ўткирлиги, «закий», зийрак, зеҳни ўткир дегани. «Заковат» сўзи ҳам ушбу «зако» ва «закий» билан ўзакдош бўлиб, закийлик деган маънодадир.


«Совет Ўзбекистони» газетаси 1990 йил 14 июнь 135-сон.

Жўрабоши — Бизнинг маҳфилимизнинг номида «зукколар» сўзи ишлатилмай, «закийлар» сўзининг қўлланганининг ҳам боиси шунда.

Домла — «З» ҳарфи билан ёзиладиган «зако»га алоқадор «тазкийа» деган сўз ҳам бор. Бунинг битта «й»си кўпинча тушиб қолиб, «тазкия» шаклида ишлатилади. Шоирлар вазн талабига қараб, ҳар икки шаклдан ҳам фойдаланадилар. Луғавий маъноси ортиқчасидан ориғ, яъни пок қилиш бўлганда бу сўз истилоҳий маънода қўлланганда шариатда закот беришни, қазоватда гувоҳнинг гувоҳлигини қабул қилишни, ахлоқда хулқни тузатишни, тасаввуфда кўнгулдан маъшуқ ишқидан ўзга нарсаларнинг ҳаммасини чиқариб ташлашни билдиради.

Савол — Баъзан варзиш, яъни спорт шарҳловчиларининг оғзидан «қиличбозлар баҳси» ёки «беллашуви», «парашютчилар баҳси» ёки «автомоделчилар беллашуви» каби ибораларни эшитиш мумкин. Шу тўғрими?

Жавоб — «Беллашув»ни кўчма маънода ишлаб чиқаришда мусобақалашаётган икки шахсга нисбатан ишлатиш мумкин. Агар уларнинг иши жисмоний куч талаб қиладиган касб бўлса, жуда ўринли бўлади. Аммо «шоҳмотчилар беллашдилар» дейиш тўғри бўлмайди. Чунки шоҳмотга бел кучи керак эмас. Бинобарин, «шоҳмотчилар беллашдилар» деган гапдан улар шоҳмотни қўйиб, Фарғонача, яъни бел ушлашиб кўришдилар, деган мазмун чиқади. Агар улар «шоҳмотда беллашдилар» дейилса, шоҳмотбозлик англашилади, лекин жумла айбли бўлади. Баҳс эса оғзаки тортишувдир. Ўзбекчада «қиличбозлар баҳсида фалончи ғалаба қозонди» дейилса, бундан ўша фалончи қиличбозликда эмас, оғзаки олишувда ғалаба қозонибди, деган маъно чиқади. Худди шунингдек, «парашютчилар баҳси» дейилса, бундан парашютчилар бир ерда йиғилиб, бирор масала юзасидан мунозара қилибди, деган фикр туғилади.

«Шоҳмот мусобақаси» деган иборани «шоҳмот ўйини», «шатранж ўйини», «шоҳмотбозлик», «шоҳмот суришиш», «шатранж тортишуви», «шоҳмот олишуви» ва ҳоказо сўзу, иборалар билан алмашлаб ишлатиш мумкин. Шунча сўз бўлгани ҳолда «баҳс» ёки «беллашмак» сўзидан суиистеъмол қилишга ҳожат йўқ, албатта. Агар адабий тилга ва лаҳжаларга мурожаат қилсак, керакли маънодош сўзларни кўплаб топишимиз ва улардан нутқимизда самарали фойдаланишимиз мумкин. Масалан, ўзбек адабий тилида ва баъзи шеваларда «мусобақа қилмоқ» феълининг «ёришмоқ» ва «ўзишмоқ» деган маънодошлари бор. «Ёришмоқ» аслида русчадаги «состязаться» феълининг муодилидир.

Бу соҳада тилимизнинг имконияти катта. Чунки ўзбек тилида мусобақа маъносини англатувчи махсус қўшимча ҳам бор. Бу «-ш», «-иш» қўшимчаси бўлиб, уни истаган феълга қўшиб, мусобақа маъносида ифода қилиш мумкин. Масалан, «югуришиш» югуриш мусобақаси, «отишиш» отиш мусобақаси, «сузишиш» сузиш мусобақаси, «от чопишиш» от пойгаси дегани. Автомобиль мусобақаси маъносида «автомусобақа», «автоўзиш», «автопойга», «автоёриш» сўзларини алмашлаб ишлатиш мумкин. Албатта, «автомобиль мусобақаси», авотомобил пойгаси", «автомобиль ёришуви», «автомобиль ҳайдаш» тарзидаги иборалардан ташқари. Шу ерда яна бир насани таъкидлаб ўтиш керак. Бу ўзбек тили нуқтаи назаридан мазкур турдаги ибораларда «бўйича» деган сўзнинг, масалан, «автомобиль мусобақаси бўйича» ёки «шоҳмот биринчилиги бўйича», ёки «югуриш бўйича» деб ишлатишда ўринсиздир.

Мотоцикл мусобақаси мазмунида шу маънодаги иборалардан ташқари «мотомусобақа», «мотоўзиш», «мотопойга», «мотоёриш» сўзларидан фойдаланса бўлади. Худди шунингдек, велосипед мусобақасини «веломусобақа», «велоўзиш», «велопойга» ва «велоёриш» сўзлари билан ифодалаш мумкин. Югуриш мусобақасини халқ тилида «пиёдапойга» ёки «пиёпойга», «кимўзди» ва «ўзиш» ҳам дейилади.

Оддий халқ тилида бокс «мушакбозлик», боксчи «муштбоз» дейилади. Бокс сўзининг маънодоши сифатида «муштбозлик» сўзини «боксчи»нинг маънодоши сифатида муштбозни бемалол ишлатиш мумкин. Бу сўз «чарм қўлқоп соҳиби» ёки «устаси» деган иборага нисбатан кўп жиҳатдан маъқулроқ.

«Конькида югуриш» деган ва шунга ўхшаш иборалар ҳам ғайритабиийдир. Бунинг ўрнида «конькипойга», «яхмалакпойга», «конькиўзиш» дейиш мумкин. Ундан ташқари халқ қилида «яхмалак отиш», «коньки отиш», «яхмалак учиш» ва «коньки учиш» деган иборалар ҳам бор. «Фигурали учиш» ҳам маъқул иборалардан эмас. Буни «яхмалакўйин» ёки «конькиўйин» дейилса, тил қоидаларига мосроқ бўлади. Демак, бошқа тилларда бўлганидек, ўзбек тилида ҳам маънодош сўзлар кўп экан, лекин сўзловчидан уларни яхшилаб билиб олиш ва ўз ўрнида ишлатиш талаб қилинади. Агар сўз одатдаги маъносига хилоф равишда қўлланса, бу айб ҳисобланади. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, махсус илмий асарларда бир атамани унинг маънодошлари билан алмашлаб, қўллашдан қочилади. Чунки илмий асарларда аниқлик биринчи ўринда туради. Масалан, бирор варзишшуносликка оид илмий асарларда бокс тушунчаси доим, неча марта такрорланишидан қатъи назар «бокс» сўзи билан ифодаланаверади. Аммо оммавий, хусусан, бадиий нутқда маънодош сўзлардан тўлиқ фойдаланилса, бу айб эмас, санъат ҳисобланади.

Ғайриилмий нутқда, масалан, бир гапда «қиличбозлик қилдилар», иккинчисида «қилич солишдилар», учинчисида «қиличлашдилар» дейиш мумкин. Аммо илмий матнда, масалан, «қиличбозлик» сўзи варзиш турига нисбатан, «қиличлашмоқ» сўзи мусобақадаги муайян ҳаракатига нисбатан, «қилич солмоқ» ва «санчмоқ» феъллари аниқ зарба ва унинг турларига нисбатан қўлланилиши мумкин. Унда бу сўзларнинг бирини иккинчиси билан алмаштириб бўлмайди. Бу ҳолда сўзларни унинг маънодошлари билан алмаштириш илмий хатога сабаб бўлиши мумкин. Тўғрироқ қилиб айтганда, оддий ёки бадиий нутқда маънодош бўлган сўзлар илмий матнда маънодошлик хусусиятини йўқотади.

Жўрабоши — бугунги суҳбатни шу ерда кесамиз. Вассалом.

Профессор Алибек Рустамов.

Ушбу мақола «Совет Ўзбекистони» газетасининг 1990 йил 14 июнь 135-сонидан олинди.