Хитойнинг Exeed автомобил бренди Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания вакиллари Spot`га маълум қилди.

Ҳозирда компания ўзининг ишлаб чиқариш объектини жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Spot суҳбатдошига кўра, мамлакатда 2023 йил бошидан янги бренд автомобиллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мўлжалланган.

«Exeed бренди Chery компаниясига тегишли бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш заводи ҳамда дилерлик тармоғини ундан алоҳида ривожлантирамиз», — деди компания вакили.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

2022 йилнинг сентябрь ва 2021 йилнинг октябрь ойларида Фарғона шаҳридаги автомобил заводида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровга кўрсатилган тақдимот баннерида Exeed русумли автомобиллар ҳам ўрин олган. Вилоят ҳокимлигининг маълумотида Exeed бренди тилга олинмаган, бироқ дизайни Exeed TXL`дан олдинги услубни айнан такрорлайдиган автомобил E-500 номи остида баннерда келтирилган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Exeed TXL электр кроссовери ҳатто Хитойда ҳам ишлаб чиқарилмайди, шунинг учун бундай моделнинг Central Asia Motors ишлаб чиқариш режасида пайдо бўлиши катта ажабланиш бўлди, деб ёзади «Хитой автомобиллари» нашри.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

У ерда Renault City K-ZE`ни эслатувчи ихчам йўлтанламас E-200 ва бутунлай металлдан ясалган E-400 фургони ҳам тақдим этилганди.

Фарғонадаги заводда Central Asia Motors йилига 10 минг автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга электромобилларни серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Аввалроқ ишлаб чиқарилган автомобиллар биринчи босқичда гибрид бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бунга Ўзбекистонда электромобиллар учун қувват олиш инфратузилмаси йўқлиги сабаб бўлган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳага 50 миллион доллар сармоя киритилади: 5 млн доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари, 5 млн доллар банк кредити ҳамда 40 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисоби.

Exeed бренди Chery Automobile томонидан 2018 йилда яратилган. Унинг доирасида Хитой автомобил ишлаб чиқарувчиси жаҳон бозори учун юқори сифатли йўлтанламас ва кроссоверларни ишлаб чиқаради.

Ҳозирда Exeed қаторига 3 та модел — TXL ва LX кроссоверлари, шунингдек, VX йўлтанламас киради. 2021 йилда бренд Stellar электр йўлтанламасининг консептуал версиясини ҳам тақдим этганди.

Chery 2021 йил ноябр ойида Ўзбекистонда расмий сотувлар ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилганди. Компания дастлаб янги бозор учун 4 та йўлтанламас моделини танлади, кейинчалик маҳаллий Roodell компанияси билан учта модел — иккита кроссовер ва седанни йиғишга келишиб олди.