Президент 12 октябрь куни янги тахрирдаги «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги [ЎРҚ-793-сонли] қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда. Ҳужжат билан электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Қонунда электрон рақамли имзонинг (ЭРИ) ва қўлда шахсан қўйилган имзонинг бир хил аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ЭРИдан фойдаланиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. ЭРИ калитларини рўйхатга олиш маркази ҳамда шахслар ўртасидаги ЭРИдан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар шартнома асосида бажарилади.

ЭРИ калити ёки унинг сертификати бир иш кунида рўйхатга олинади. Калитга эга бўлган шахслар ЭРИ мавжуд бўлиши талаб қилинадиган давлат хизматларининг барча турларидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Жисмоний ва юридик шахслар бир нечта ЭРИ калитларига эга бўлиши мумкин. Ҳар бир калитнинг сертификати алоҳида рўйхатга олинади. ЭРИ калити сертификатининг амал қилиш муддати рўйхатга олинган пайтдан эътиборан 24 ойдан ошмаслиги керак. Уни икки мартадан кўп бўлмаган муддатга узайтириш мумкин.

Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари, шунингдек чет эл жисмоний ва юридик шахслари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ЭРИни консуллик муассасалари, шунингдек дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик бўлимлари орқали олиши мумкин.

Янги тахрирдаги қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.