М-39 «Тошкент-Термиз» автомобиль йўлида Cobalt русумли автомашина ҳайдовчиси йўл четида тўхтаб турган трактор тиркамасига бориб урилган, деб хабар берди ЙҲХХ матбуот хизмати «Миллий» телеканали дастурига таяниб.

Машинада ҳали мактабни тугатмаган, туғилган кунга кетаётган тўрт нафар ўсмир ҳам бўлган. Ҳодиса оқибатида йўловчилардан бири олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган, қолган уч нафари ва ҳайдовчи касалхонага ётқизилган. Жароҳатланганлардан бири оғир аҳволда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалига ётқизилган.

Ҳайдовчи тиркамада ёруғлик қайтарувчи мослама йўқлиги сабабли тезликни пасайтиришга улгурмаганини маълум қилди. Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Эркин Очилов, воқеа жойи сунъий ёритилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, автоҳалокат «ҳайдовчининг тажрибасизлиги ва эътиборсизлиги ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани учун» содир бўлган.

Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида жойлашган А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу автомобиль йўлининг 636−637-километрида содир бўлган навбатдаги ЙТҲда Nexia-3 русумли автомашинанинг вояга етмаган ҳайдовчиси қувиб ўтиш қоидасини бузган ҳолда бошқарувни йўқотган. Оқибатда машина ағдарилилган.


Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига беришича, оқибатда ҳайдовчи ва йўловчи (2004 ва 2005 йилларда туғилган) оғир тан жароҳатлари олиб, вилоят шифохонасига ётқизилган.