«Ўзмиллийбанк» АЖ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва Ўзбекистон аҳолисини банк томонидан давлат молия субсидиялари тақдим этилади деган ёлғон хабар тарқатилгани ҳақида огоҳлантирди. Унда фирибгарлар фуқародан кўрсатилган маблағни олиш учун банк номи ва логотипидан фойдаланган ҳолда яратилган сохта сайтда анкета сўровидан ўтишни таклиф этади.

«Биз банк номи ортида яширинган фирибгарлик схемаларини инкор этамиз. Чунки уларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда. Фирибгарлар йирик компаниялар, банклар, давлат муассасалари, жамғармалар, ҳатто юртдошларимиз алоҳида ишонч билдирган таниқли шахсларнинг номларидан фойдаланади. Шу боис, фирибгарларнинг қармоғига тушиб қолмаслик учун ҳамиша эътиборли ва эҳтиёткор бўлиш, энг аввало таклиф этилаётган сайтнинг расмий эканлигига эътибор қаратиш лозим», — дедилар банк вакиллари.

Ҳар доим ишончли маълумотларни олиш учун фақат банкнинг расмий сайтидан ҳамда Telegram`даги, Facebook`даги, Instagram`даги расмий ахборот каналларидан фойдаланиш ёки (+998) 78−148−00−10, 1344 телефон рақамлари орқали банкнинг колл-марказига мурожаат қилиш мумкин.

Банк огоҳ бўлишни ва яқинларингизни ҳам бу фирибгарликдан огоҳлантиришни тавсия этади. Агар бу каби хабарни кўриб қолсангиз, банк эътибор бермасликни ёки бу хабарлар жойлаштирилган манбалар маъмуриятига шикоят билан мурожаат қилишни тавсия этади.

Шунингдек, мавзунинг давоми сифатида ҳамда банк карталари бўйича фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўз картангизни жиноятчилардан ҳимоя қилишингиз мумкин бўлган оддий қоидаларни «Ўзмиллийбанк» яна бир бор эслатиб ўтади:

  • бегоналарга карта маълумотлари (рақам, амал қилиш муддати, CVV/CVC, PIN-код)ни ёки банкнинг мобиль иловасидаги ўз аккаунтингиз ҳақидаги маълумотларни бермаслигиз керак;
  • пулларни бошқа картага ўтказиш учун унинг 16 та белгидан иборат рақамини билишнинг ўзи етарли. Банк ёки бошқа ҳар қандай тўлов ташкилоти ходимлари картангизнинг амал қилиш муддати ёки SMS-орқали олинган тасдиқлаш кодларни сиздан сўрамайди;
  • ҳеч қачон бир марталик тасдиқлаш кодини бегона шахсларга бермасилик керак. Фирибгарлар ушбу текширув коди орқали сизнинг ҳисобингиздаги пул маблағларини рухсатингизсиз бошқа картага ўтказиши ёки мобиль иловалар ёрдамида пулларингизни бошқариши мумкин;
  • картани бошқаларнинг қўли етмайдиган жойда сақлаб, бегона шахсларга бермаслик керак;
  • осон пул таклиф қилинаётган хабарларга, акциялардаги «тасодифий» совғаларга ишонмаслик керак, шубҳали ҳаволалар ва сайтларга кирмаслик, айниқса у ерда ўз карта маълумотларингизни киритиб қўймасклигиз керак.

Агар хамма шахсий маблағларга масъулият билан ёндашса, молиявий саводхон бўлса ва бу оддий қоидаларга амал қилса, жиноятчилар пуллардан фойдалана олмайди.

Реклама.