«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқларни қайта бериб боради. Навбатдаги мақола муаллифи Зуҳриддин Исомиддинов.

Миллатнинг онаси

Ҳазиллашиб мен онамни опичлаб олдим.

У шундай енгил эди-ки, уч қадам юрар-юрмас,

Йиғлаб юбордим.

Исикава Токубоку (Хуршид Даврон таржимаси).

Она фарзандини дунёга келтиради, боқиб ўстириб, вояга етказади. Шу билан бирга, унинг яна бир улуғ хислати бор: бир оилада туғилиб ўсган болалар она туфайли ака-ука, опа-сингил бўлиб, қондошу жондош бўлиб бирлашади. Фарзанднинг вазифаси ва бурчи эса, онани улуғлаш, унга меҳр изҳор этиб қўшиқ айтишгина эмас, балки унинг дардини, ташвишларини дилдан англаш, соғлиғи, аҳвол-руҳиясидан хабардор бўлишдир.

Фарзандлар — оға-ини, эгачи-сингилларнинг онаси конкрет бир аёл бўлиши ҳаммага равшан. Қариндош-уруғ тўпи ичида ҳам бир онахон бўлади, у шу уруғнинг марказида: тўй-маърака усиз, унинг маслаҳатисиз ўтмайди. Эътибор берсангиз, ҳар қайси маҳалла ёки қишлоқнинг ҳам обрўли бир кайвони момоси бор.

Башарият дунёсида алоҳида ва ўзига хос бир оилани ташкил этадиган ўзбек элининг-чи? Унинг ҳам бир умумий онаси бордир? Бор албатта, Она тилимиз у! Шу тил туфайли Сиз билан биз қадрдонмиз, дилдошмиз, дарддош бўлиб турибмиз. Эҳтимол, бугун Сиз билан мен бир-биримизга сир бермай, хўмрайишармиз, аммо аниқ биламанки, агар эрта-бириси кун Сибирда ё Италияда кўришиб қолсак борми, ҳар иккимиз учун ҳам қуёш чарақлаб чиққандек бўлади, жону жаҳонимиз ёришиб кетади, бир-биримиздан ҳеч нарсани аямасликка тайёр бўламиз. Бари меҳр-оқибат — мана шу жонажон тил туфайли. Негаки, икковимизнинг тилимиз ҳам бир, элимиз ҳам бир-да. Элни эл қилган, уни яхлит ва ялакат мағиз қилиб бирлаштирадиган нарса аввало тил, она тили…

Давлат тили ҳақидаги қонун таъсирида янги, ёки тил ғазнасида кўпдан бор, аммо қўлланмай турган юз-юзлаб тарҳи тоза сўз ва сўз бирикмалари майдонга чиқди, тилимиз янада обод, бой, тароватли бўлиб қолди. Аммо бу борадаги энг катта ютуғимиз — баъзи қардошлар каби сўзларни тубдан ўзгартишга ружу қўймаганимиз бўлди, биз ҳар бир тушунчани ғирт «туркий ўзакли» қилишга берилиб кетмадик ва шунинг натижасида ўзбек тилининг қадим оҳангдорлигини, куч-қудратини, жилосини сақлаб қололдик.

Бироқ мана шу қабилдаги яшасинчиликдан ўзимизни сал фориғ қилиб, миллатимиз онаси бўлмиш тилимизнинг аҳвол-руҳиясига разм соладиган бўлсак, унда бирталай муаммолар ҳам тўпланиб қолганини кўришимиз мумкин. Япон шоирининг эпиграф қилиб келтирилган атиги уч мисралик юқоридаги шеъри, назаримизда, айнан она тилимизни кўзда тутиб айтилгандек.

…Икки ойдан ошди, 21 октябрнинг нари-берисида роса байрам қилдик — давлат тили мақомининг 20 йиллигини нишонладик. Мен ўзим беш-олти ташкилотда маъруза ўқидим. Тилимизни улуғладим, унинг қадим ва бойлигини, дунёдаги бошқа ҳеч бир тилдан қолишмаслигини далиллашга уриндим…

Гўё, бой эканлигини, қадим эканлигини билиб олишса, иш пишадию одамлар тил қадрини ўз жойига қўядигандек, гўё худди шуни ҳали ҳеч ким билмай турибдию менинг далолатим билан ҳамма нарса изига тушадигандек. Ҳар бир маърузадан сўнг одатий бир чапак, ҳамишаги бир-икки савол, сўнг «қимматли вақтимни сарфлаб келиб, қизиқарли чиқиш қилганим» учун миннатдорчилик изҳори, ҳурмат ила кузатиб қўйиш. Тамом.

Биродарлар!

Йигирма йилдан бери шу гап! Шу манзара…

Мен-ку, оддий бир фан номзодиман. Юзлаб одамлар — манаман деган академиклар, эл-юртга таниқли шоиру ёзувчилар, фидойи муаллимлар, сиёсатшунослар, юристлар… ҳар йили «маъруза» қилади, тилимиз бой, деб айтади. Бунинг учун Маҳмуд Кошғарийдан тортиб Навоий, Чўлпонгача ёрдамга чақирилиб, беҳисоб далиллар келтирилади, шеърлар ўқилади. Эртасидан эса… яна ҳамма нарса эски изига тушади. Яъни, худди йигирма йил илгаригидай — рус тилида иш юритиш давом этади.

Она тилимиз давлат тили мақомини олган дастлабки йиллардаги шодумонлик тантаналари тинди. Ҳозирга келиб ҳар йили тил байрами яқинлашганида номига чоп этиладиган тўрт-беш мақола, ташкилотларда хўжакўрсинга уюштириладиган Тил байрами «тадбири»ни ҳисобга олмаганда, тил мақоми ҳам анчайин бир кампания сифатида бўлиб ўтгандек.

Ҳолбуки, биз бошқа нарсани кутган эдик. Дарров бўлмаса-да, йиллар оша тилимиз мавқеи оша боради, нуфуси бўйича дунёда қирқ бешинчи ўринда турадиган ўзбекнинг тили ҳам чинакам давлат тили бўлади, деб ишонган эдик. Аҳвол эса бошқачароқ бўлиб чиқди.

Нега шунақа бўлаяпти, бу ҳол қачонгача давом этади ва умуман ўзбек тили чиндан ҳам давлат тилига айланадими ё йўқми?

Нега шундай аҳвол юзага келганининг бир сабабини мен айтай. Ўша, 1989 йилда қонун чиққанида ҳар қандай ўзгаришдан пул ясайдиган шоввозлар ғимирлаб қолди. Қонунни орқа қилиб, давлатнинг миллионларини «законний» ўмаришга шайланган кимсалар гўё бошқа миллат кишиларига ўзбек тилини ўргатишни бош масала қилиб кўрсатиб, шу билан ҳамма муаммо ҳал бўладигандек, кооперативлару курслар очиб ташлашди, дастурни амалга оширишга ажратилган пуллар ўша ёққа қараб сувдай оқди, ҳар бир корхонаю ташкилотдаги юзлаб тил билмаслар эса гўё «тил ўрганди». Яъни, кимдир атайлабдан дарёнинг нишабини бошқа ёққа буриб юборгандек бўлди. Ўзбек тили ҳақидаги қонунни бажаришга сарфланадиган пулнинг катта қисми ўзбекларга эмас, шу юртда ўн йиллаб, ўттиз йиллаб яшаган… аммо кибри туфайли тил ўрганмаганларга сарфланадиган бўлди (ҳозир уларнинг кўпи Америкаю Канададага, Исроилу Россияга кўчиб кетишган, аммо ҳамон ўзбек тилини ўрганиб ётишмаган бўлса керак).

Ўзбекнинг ўзи-чи? Oна тили ҳақидаги қонун ижросига кетадиган маблағдан у қанчалик баҳра олди? У бугун ўз тилини қанчалик билади? Ўзбек эли тил ўрганишга муҳтож эмасми? Уйдаю тўйда, бадиий адабиётда, бозордаю мозордагина қўлланиб, қисилиб-қимтиниб қолган, аммо тил байрами кунлари келганида ҳамиша «қадим ва бой» деб мақтови келиштириладиган бу тил мамлакатнинг ичкарисидаю ташқарисида, илму таълимда, ишлаб чиқариш, банк, авиация ва тиббиётда, метрони лойиҳалашда, технология ва ҳоказоларда ишлатиш учун ярамайдими? Ярамайдиган бўлса, сабабини айтинг — нега? Чорасини топайлик. Ўзбекистоннинг битта вилоятича келмайдиган митти давлатлар бор дунёда, ана ўшалар ҳам давлат ишида она тилини қўллайди, шу тилини улуғлайди, ахир.

Давлат тили деган тушунчани давлатнинг тили деб ҳам англаш мумкин. Яъни, Ўзбекистон давлатининг тили — ўзбек тилидир. Бошқа бир тил эмас. Аммо давлат идораларида тўла ҳуқуқ билан ишлатиладиган тилгина чин давлат тили бўл олади, бошқа гапга ўрин йўқ. Чунончи, ўзбек тилидаги ҳужжат асосида аэропланлар халқаро ва ички қатновларни амалга оширса, шу тилдаги ҳужжатга кўра банклар миллионлаб маблағни бир ташкилот балансидан бошқасига ўтказса, қонунлар шу тилда чиқарилса (аввал русча тайёрланиб, кейин таржима қилинмаса), корхоналар шу тилда битилган технология асосида товар ишлаб чиқарса ва ҳоказо. Бусиз эса, «давлат тили» — шунчаки мақом, холос.

Давлат тили тўғрисидаги қонун фақат ҳуқуқий аҳамиятга молик эмас, балки аввало сиёсий ҳужжат, декларациядир. Зеро мустақилликнинг ўзи тил мустақиллигини тақозо этади. Буни шундай тушунтириш мумкин: илгари барча иш рус тилида юритиларди, чунки унда биз озод эмас, тобе эдик. Ўзбекистонда бирон идорага ишга кириш учун ариза рус тилида ёзилар эди. Энди, тасаввур қилинг: Италияда итальян тилида эмас, немис тилида иш юритилcа… шу юртни ҳар жиҳатдан суверен деб бўлармикин? Мустақилликни ҳадеб бир-биримизга писанда қилиш ўрнига чиндан мустақил бўлиш, жумладан, давлат тилида иш юритишга ўтиш керак эмасми?

Афсуски, бу соҳада бизда дунёнинг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган ғаройиботлар бисёр. Масалан, рус тилини билмайдиган… рус дипломати бўлиши мумкинлигини биров эшитмаган. Япон тилидан бехабар япон дипломати, испанчани уқмайдиган испан элчиси борлигини билмаймиз. Инглиз тилида мақола ёза олмайдиган англия (америка) олими ҳам йўқ, албатта. Ва умуман, бунақа ғайритабиий ҳолатларни бошқа юртларнинг кишилари тасаввур ҳам қила олмайди.

Бизда эса, ўзбекча гапирсангиз, анқайиб қараб, елкасини қисадиган, давлат тилида бирон-бир халқаро шартнома ё битим тайёрлаш қўлидан келмайдиган, тайёрлаш тугул, она тилида ёзилган шартномани ўқиб тушунмайдиган «паспорти бўйича ўзбек» дипломатлар озмунча эмас.

Ёки бошқа мисол. Яқинда академиянинг «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар — Общественные науки в Узбекистане» деган журналини варақлаб ўтириб, таажжубга тушдим: мақолаларнинг ярмидан кўпи рус тилида экан!

Бир замонлар икки тилда чиқариш мўлжалланган, ҳаттоки Шўро даврида ярмидан кўпроғи ўзбек тилидаги материаллар билан тўлиб чиққан бу нашрнинг ҳозир — она тилимиз давлат тили бўлганига ўн йилдан ошган бир даврга келиб… тескари қараб кетгани — илгаригидан баттар руслашганига ажабландим. Журнал таҳририятидан ҳам хафа бўлиб кетдим, менга журнал атайлабдан руслаштирилаётгандай туйилди. Аммо суриштириб билсам, журналнинг фидойи ходимлари ҳам муаллифлардан ўзбек тилида мақола ундира олмай ҳалак бўларкан, чунки бари айб ўзбек олимларининг ўзида экан: санъатшунослар, файласуфлар, ҳуқуқшунослар, шарқшуносу сиёсатшунослар, тарихчилар, археолог ва этнографлар… хуллас, ижтимоий соҳа уламоларининг аксарияти она тилида бирон-бир мақола ёзишни то ҳануз ўрганмай, эски ўзан ичида йўрғалаб, русча «исследование» битар экан. Бунинг устига, уларнинг ўзбек тилида публикация қилиб жаҳонга танилиш қийин, деган истиғносини айтмайсизми?! Ҳей, сен аввал ўз она тилингда бирон нимани қойиллатиб битиб, халқинг ичида танил, агар илминг, ёзганларинг чиндан ҳам зўр бўлса, жаҳонннинг ўзи сени таниб олаверади, дейдиган бир мард йўқ.

Ижтимоий фанлар маънавиятга, мафкурага бевосита дахлдор. Шу олимларки ўзбек тилида теран тадқиқотларни амалга ошириб, таҳлилий китобларини ўзбекча чоп эттирмаса, бошқа соҳа олимларидан ўпкалашга не ҳожат? Тўғри, кимдир «менинг фалон китобим ўзбек тилида чиққан, муаллиф кўрмапти» деб биздан ранжиши мумкин. Балким чиққандир ва эҳтимол сиз уни ўзбек тилида ёзгандирсиз ҳам. Лекин сиз билан бақамти ишлаётган ҳамкасбларингизнинг китоби аввал ўрис тилида ёзилганини, уни номсиз таржимонлар ўзбекчага ўгириб берганини яхши биласиз-ку. Менинг ўзим ўзбек олимларининг ижтимоий соҳага оид бир неча диссертациясини шу олимларнинг она тилига таржима қилиб берганман. Ва бу узоқ ўтган замонда эмас, шу кунларда — тилимиз давлат тилига айланган, илмий ишлар Масков ВАКига эмас, Тошкентдаги ОАКка юбориладиган бўлганидан кейинги гап!

Бу дунёда ўзбекман деб юришдан мурод бошга дўппи кийишу наҳорги ошга боришгина эмас, ахир. Улуғ онамиз — она тилимизни эъзозлай олмасак, бошқасидан мурод нима, киммиз биз ўзи?

Тафаккур тилда акс этади ва тил орқали ривожланади. Шунинг учун улар чамбарчас боғлиқ. Ўзбек тили — ўзбек тафаккури демак. Шундай экан, ўзбек тилини давлат идораларида ишлатмаслик — ўзбек тафаккурига йўл бермаслик, қўполроқ айтганда, ўзбек тафаккури билан шу соҳани бошқариб бўлмайди, деб ҳисоблашдир.

Иккинчидан, қонунга амал қилмаган, уни бузган одамни жазоламаслик, ёки хўжакўрсинга дакки бериб қўяқолиш — амалда уни рағбатлантириш билан баробар.

Бизнингча, ҳали-бери шундан нарисига ўтилаётгани йўқ. Рост, давлат тили ҳақидаги қонун ижросини назорат қиладиган муассасалар бор, улар комиссия тузиб, ҳали Қашқадарёда — шу вилоятдаги тиббий масканларда, ҳали эса Андижонда — хизмат кўрсатиш соҳасида ва ҳоказо, давлат тили дастурининг бажарилишини текшириш билан овора. Дуруст, аммо назаримизда, бу худди икки юзта товуқни эшиги йўқ катакка жойлашга уринаётган кишининг ҳолига ўхшайди — биттасини тутиб катакка соласиз, сўнг иккинчисига чопсангиз, бояги товуқ ҳам далага чиқиб кетган бўлади, ҳолбуки улар иккита эмас, икки юзта, қачон буларни эпақага келтириб бўлади? Демак, бу хўжакўрсин иш, бошқа гапга ўрин йўқ.

Тилимизнинг чинакам давлат тилига айланиши қонун чиқарилганлигига эмас, ана шунга таяниб иш олиб борадиган одамларнинг амалий фаолиятига боғлиқ. Бундан ҳам аввал, каттами-кичикми, ҳар бир корхона ва ташкилот раҳбарининг миллатпарварлигига боғлиқ. Она халқим деган ҳар бир ўзбек раҳбари Давлат тили тўғрисидаги қонунга лоқайд қарай олмайди. Ўз ташкилотида уни рўёбга чиқаришга интилмаган раҳбарнинг халқпарварлигига ишонч йўқ.

Кўп эртакларда бир воқеа такрорланади: ботир йигит девни енгиб, қилич билан калласини узса, бир бош ўрнида учта бош ўсиб чиқади, уларни кесса, яна… Ҳайрон бўлиб боши қотиб турса, бир чол унга қараб: «Э болам, бундай қилиб девни енголмайсан, ундан кўра, сен фалон қудуқ ичига тушсанг, унинг тубида бир дарча бор. Уни очиб ичкари кирсанг, ҳужрада бир сандиқ турганини кўрасан, сандиқ ичида бир қути бор. Ана ўша қутича ичидаги қуртни қиличинг билан қиймаласанг, дев ўлади, чунки девнинг жони ана ўша қурт ичида», дейди.

Ўзбек тилининг ўз юртида беклик қилишига йўл бермай келаётган дев-ку, аниқ, бу — миллатсеварликнинг етишмаслиги, фикрий ялқовлигимиз, ҳамон ҳар нарсадан ҳадик оладиган ғилоф бандаси бўлиб келаётганимиз. Хўш, ичимиздаги бу девни маҳв этадиган омил, эртак тили билан айтсак, бу девнинг жони — қути ичидаги қурт қаерда? Қандай қилсак, ўзбек тили барча идора ва ташкилотларда тўла ишга тушиб, давлат тилига айланади? Нима қилсак, хорижий бир тилда иш юритишга барҳам бериб, она тилимизнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқини тиклай оламиз?

Билсангиз, бу девнинг жони ҳам, худди эртаклардагидай, кичкина бир қути ичида. Бу қути — бухгалтерия деб аталади. Ҳа, агар ҳар бир идорада бухгалтерия ҳужжатлари бугун давлат тилига ўтса, ишонинг, эртадан шу идоранинг барча иши давлат тилига кўчади. Чунки ҳеч қайси идоранинг иши бухгалтериясиз битмайди: у орқали банк пул беради, машина рейсга чиқарилади, товар сотувга қўйилади ва ҳоказо.

Ҳозир бизда нечта идора (бутун бошли вазирлик ва қўмиталарни қўя турайлик) давлат тилида иш юритаяпти, деб ўйлайсиз? Буни билиш учун ҳар бир идоранинг бухгалтерия ҳужжатлари тилига эътибор қилиш керак, вассалом. Ишқилиб янглишаётган бўлай, аммо менимча ҳали-ҳозир биронта корхона бухгалтериясида иш ҳужжатлари ўзбек тилида юритилмаяпти, унинг бланк ва формалари ҳамон русча тўлғазилаяпти.

Ўзимча бир нарсани пайқаган бўламан: лоқайдроқ бўлиб қолаётгандаймиз. Ишқилиб, кунимиз ўтиб турса бўлди, дегандай. Ахир, эсласангиз, бундан ўн йилча аввал ҳатто русийзабон кишилар ўз фарзандларини ўзбек мактабларида ўқишга қўя бошлаган эди, чунки замоннинг зайли шундай бўлди, деб ҳисоблашган эди. Энди эса аксинча: эплаган ота-оналар боласини рус мактабига бериш пайида. Ёки кейинги бир мисол, ёдингизда бўлса, ҳатто ўтган йили ҳам кўча-кўйлардаги эълон, пешлавҳа ва афишалар асосан давлат тилида бўларди, Тошкент метрополитени ичидаги барча ёзувлар ҳам она тилимизда эди. Ҳозир эса метрога тушган билади, ўзбек тилида бирон ёзув уруғлиққа қолган бўлмаса — ҳаммаёқни русча реклама босиб кетди. Илгари энг ўзбек тилли транспорт ҳисобланган метродаки шундай бўлганидан кейин, бошқасидан нега гиналаймиз?

Бу савол, бу хавотир бежиз эмас. Икки йилдан ошди, Қозоғистонда давлат тили тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилиб, рус тили ҳам қозоқ тили билан бирга давлат тили деб белгиланди. Сал ўтмай, Қирғизистонда ҳам шундай бўлди. Демак, қоғозда — иккитиллилик, амалда эса рус тили яна тахт устига минди, деяверинг.

Худди, сирли бир кимса ҳар бир идора ва ташкилотнинг кўринмас бир хонасига кириб олиб, давлат тилида иш юритилмасин деб жоду қилаётгандай, ҳаммага ўз таъсирини тобора кўпроқ ўтказиб бораётгандай. Қадим ўзбек халқининг иродаси билан юзага чиққан Давлат тили ҳақидаги қонунни беписандлик билан емиришга тушгандай.

Бу сирли кимса ким?

У — ҳар бир идора ва корхонада, ташкилот ва маҳкамада ишлайдиган миллати бор, аммо миллий ғурури йўқ одам. Қорнининг ғамини орининг ғамидан устун қўядиган, сиртдан ўта маданиятли, аммо ўзбек бўлиб туғилганидан фахрланиш ўрнига ўкинадиган нафс бандаси — манқурт. Маданиятли қул.

Орадан йиллар ўтар. Ҳозирги муваққат моддий-иқтисодий қийинчиликлар орқада ҳам қолар. Ана ўшанда оғир хулёлар исканжасидан қутулган аҳли юрт вақтинча бироз четда қолган қадриятларини яна эъзозлайди, бошига кўтаради. Биринчи навбатда, жондан азиз бўлган онани — она тилини, албатта.

Кошкийди шундай бўлса.

Зуҳриддин Исомиддинов, 2015 йил.