Маргарет Тэтчер 1925 йилнинг 13 октябрь санасида Буюк Британия таркибига кирувчи Линкольншир графлигидаги Грантем шаҳрида дунёга келган. У 1979−1990-йиллар давомида Буюк Британия бош вазири сифатида фаолият юритган бўлиб, Бирлашган Қиролликдаги ушбу юқори лавозимни эгаллаган илк аёл сиёсатчи ҳисобланади.

Тэтчер ҳукумат раҳбарлиги даврида касаба уюшмаларининг парламентга таъсирини камайтиришга эришган, айрим саноат соҳаларини хусусийлаштириб, сиёсий мунозаралар шартини ўзгартирган. Совет иттифоқини очиқ танқид қила олган. Ўзининг салбий феъл-атвори, жумладан, британ қўшиқчиси Моррисси талқини билан айтганда «ақл бовар қилмайдиган даражада қайсар ва бошқаларни тинглай олмаслик қобилияти» учун тарихда «Темир хоним» номини олган.

XX асрда Британиянинг энг узоқ вақт хизмат қилган бош вазир Тэтчер охир-оқибат ўзининг Консерватив партияси аъзолари томонидан босим остида истеъфога чиқарилган. Бугун, 13 октябрь куни Маргарет Тэтчер 97 ёшни қарши олган бўлар эди. «Газета.uz» Britannica нашри ва Маргарет Тэтчер фонди маълумотлари асосида у билан боғлиқ қизиқарли фактларни бир материалга жамлади.

Болалик даври

Маргарет Хилда Тэтчер, Баронесса Тэтчер (туғилган пайтида Робертс фамилиясида бўлган) Альберт ва Беатрис Робертс оиласида дунёга келган. Тэтчернинг отаси баққоллик билан шуғулланиш баробарида ҳукуматда нуфузли лавозимлардан бирида фаолият юритган. Онаси ҳам сиёсатга яқин аёллардан бўлган. Тэтчернинг илмий салоҳияти уни Оксфорд университетига киришига замин яратди ва кимё йўналишини тамомлаб, бу соҳада тадқиқотчи сифатида ишлашига имкон берди. Ўқиш давридаёқ у сиёсий фаол ҳаётни бошлаб, университетдаги Консервативлар Ассоциациянинг биринчи аёл президентига айланди.

1954 йилдан бошлаб Тэтчер солиқ ҳуқуқи бўйича ихтисослашган барристер (адвокат) сифатида фаолият олиб борган.

1951 йилда у бой саноатчи Денис Тэтчерга турмушга чиқди. Турмуш ўртоғи унинг сиёсий амбицияларини қўллаб-қувватлади. 1953 йилда жуфтлик эгизак фарзандли бўлди.

Маргарет Тэтчер туғилган уй отасининг баққолҳонаси ёнида бўлган. Линкольншир, Грантем. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Тэтчер биринчи марта 1950 йилда парламентга ўз номзодини қўйган, аммо маҳаллий Консерваторлар овозининг 50 фоиздан юқори қисмини тўплаганига қарамай, муваффақиятсизликка учраган. 1959 йилда Лондон шимолидаги Финчлей туманинингг консерватив оқимидан жой эгаллаб, Жамоатчилик палатасига кирди. У партия ичида барқарор кўтарилиб, Пенсия ва миллий суғурта вазирлигида парламент котиби, мухолифатнинг таълим бўйича бош вакили, таълим ва фан бўйича давлат котиби лавозимларида ишлаган.

Эдвард Хит партиясининг аъзоси сифатида фаолият олиб борган пайтида, у кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган мактаб ўқувчиларини бепул сут билан таъминлаш дастурини бекор қилди. Шунингдек, 1960 йилларда Лейбористлар (Меҳнат партияси) томонидан ишчилар синфи болалари муносиб таълим олишлари учун жорий этилган кенг қамровли мактабларни яратди.

1974 йилда Хит кетма-кет иккита сайловда мағлуб бўлганидан сўнг, Тэтчер, партия иерархиясининг паст бўғинида бўлишига қарамай, партия раҳбарлигига даъво қилишга муносиб ягона вазирга айланди. Консерватив ўнг қанотнинг қўллаб-қувватлаши билан у 1975 йил февраль ойида раҳбар этиб сайланди ва шу тариқа Британия қиёфасини ўзгартирадиган 15 йиллик юксалиш даври бошланди.

Тэтчернинг партиядаги ғалабаси. Фото: thoughtco.com.

Бош вазирлик даври

Тэтчернинг ҳокимият тепасига келиши дастлаб мамлакат иқтисодиётида ўз аксини топди. Кучсиз иқтисодиёт шароитида у баъзи ҳукумат тартибларини бекор қилди, корхоналарга субсидиялар беришни қисқартирди ёки бутунлай тўхтатди. Бунинг ортидан ишлаб чиқариш саноатини кўплаб самарасиз, шу билан бир қаторда, айрим айбсиз корхоналардан тозалади.

Натижада 1979 йилда 1,3 миллион нафарни ташкил этган ишсизлар сони икки ой ичида икки бараварга ортди. Шу билан бирга, инфляция 14 ой ичида икки бараварга ўсиб, 20 фоиздан ошиб кетди, ишлаб чиқариш саноати эса кескин пасайди. Биринчи муддат тугагунга қадар инфляция пасайиб, ишлаб чиқариш ҳажми ошган бўлса-да, ишсизлик ўсишда давом этди ва 1986 йилда ишсизлар сони 3 миллиондан кўп эди.

Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Биринчи муддат тугагандан сўнг, Фолкленд ороллари учун кечган урушдаги ғалаба унинг яна ҳокимиятда қолишига замин яратди. Бу омма орасидаги кайфиятни яхшилади ва Тэтчер иккинчи муддатга бош вазир бўлиб сайланди.

Бу даврда машҳур сиёсатнинг натижалари тобора кўпроқ сезилиб борди: у инфляцияни пасайтиришга, хорижий инвестициялар оқимини оширишга ва корхоналарни модернизация қилишга муваффақ бўлди. Тэтчер иш ташлашларга қарши кескин кураш олиб борди, касаба уюшмалари сонини қисқартирди ва уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётига таъсирини пасайтирди.

Ижобий ўзгаришлар «Темир хоним»га учинчи муддатга ўз лавозимида қолиш имконини берди. Бу даврга келиб ишсизлик ҳам пасая бошлади, бироқ жамиятда ҳамон унинг сиёсатига нисбатан салбий муносабат ҳукм сурарди. Шунга қарамай, Маргарет деярли 12 йил давомида бош вазирлик лавозимини сақлаб қолди.

Нафақага кетиши

Аҳоли ўртасида қўллаб-қувватлашнинг пастлиги Консервативлар партиясида ички низоларга олиб келди ва Тэтчер ҳам раҳбарлик, ҳам бош вазирлик лавозимидан четлаштирилди. У рейтинглар, аҳоли орасидаги фикрлар ва сўровлар ҳақида бош қотиришни ҳуш кўрмаганди.

1990 йилда «Темир хоним» партиядагиларнинг босими ортидан истеъфога чиқишга мажбур бўлди. Шундан сўнг, у яна икки йил Жамоатчилик палатасининг аъзоси бўлиб қолди. Аммо бироз вақт ўтиб таниқли сиёсий арбоб сифатида парламентни бутунлай тарк этишга қарор қилди. Маргарет ҳеч қачон ўз эътиқодини яширмади, у ҳокимиятни, ҳукуматни танқид қилишда ва сиёсатчиларни ҳаракатсизликда айблашда давом этди.

Бир мунча вақт у Филипп Морриснинг маслаҳатчи бўлиб ишлади ва унинг шахсий фондини бошқарди. 90 йилларнинг ўрталарида Тэтчер Уилям ва Мери коллежининг фахрий ректори бўлди ва кейинчалик Букингем университетида ҳам худди шундай лавозимни эгаллади. Аммо унинг соғлиғи тобора ёмонлашиб, иш юритиш жараёнини қийинлаштирди. Янги аср кириб келиши билан «Темир хоним» омма олдида камроқ пайдо бўла бошлади.

Вафоти

Турмуш ўртоғи вафотидан кейин Маргарет Тэтчер бошқа оила қуришни истамади.

2000 йилларнинг бошида Тэтчерга деменция ташҳиси қўйилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг унинг аҳволи янада ёмонлашиб, қайта тикланмади. 2013 йилнинг 8 апрель куни инсульт касали ортидан вафот этди.

Маргарет Тэтчер дафн маросимини ҳаёти давомида режалаштирганди. Унинг васиятига кўра, танаси куйдирилиб, кули Челсида, эрининг қабри ёнига қўйилди. Собиқ бош вазирнинг икки нафар эгизак фарзанди Марк ва Кэрол Тэтчер бор.

Маргарет Тэтчернинг фаолияти давомидаги суратлари тўплами

АҚШ президенти Джимми Картер билан илк учрашув. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

ОҚ Уйдаги учрашув (АҚШ). Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Рональд Рейган билан суҳбат. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Тэтчер оила аъзолари даврасида. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Тэтчер (ўнгда) Қиролича Елизавета (чапда) II билан. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.

Тэтчернинг сўнгги суратларидан бири. Фото: Маргарет Тэтчер фонди.