Бухоро вилояти делегациясининг Малайзияга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Uzbekistan Airports ҳамда Malaysia Airports Holdings Berhad (MAHB) компаниялари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар чоғида Малайзия тажрибасини жорий этиш орқали Ўзбекистонда аэропорт хизматлари бозорини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жавлон Умархўжаев Ўзбекистон аэропортларини ривожлантириш стратегияси билан ҳамкорларни таништирди ва «Бухоро» халқаро аэропортини модернизация қилиш ва ДХШ асосида бошқарувга ўтказиш учун тадбиркорларни жалб қилиш механизмлари ҳақида сўз юритди.

Учрашув якунлари бўйича Малайзия компаниясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва қўшимча музокаралар ўтказиш ҳамда аэропортни ривожлантириш концепцияси ҳақида батафсил маълумот тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.