Жорий йилнинг сентябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, песпондентлар томонидан сезилган инфляция пасаювчи динамикани давом эттириб, 14,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк тақдим қилган ҳисоботда маълум қилинди. Бунда, белгиланган жавобларнинг медиана қиймати 11,6 фоиз атрофида шаклланди.


Шу билан бирга, сўров иштирокчилари орасида инфляцияни 8 фоиздан паст даражада ҳис қилганлар улуши июнь ойидан бошлаб мунтазам равишда ошиб бормоқда (18 фоиздан 31 фоизгача). Аксинча, 20 фоиздан юқори ошганини ҳис қилганлар улуши сезиларли қисқарди (37 фоиздан 24 фоизгача).

Cентябрь ойида ҳам август ойи каби нархлари юқори даражада ошган деб гўшт, сут, нон, ун, шакар ва ёғ маҳсулотлари кўрсатилган. Бироқ, нон, ун, шакар, бензин ва қурилиш молларининг нархлари юқори ўсишини қайд этган респондентлар улуши ўтган ойга нисбатан камайди.

Мамлакатга туристлар оқими кўпайишининг ижара нархларига таъсири сентябрь ойидаги респондентлар жавобларида акс этди. Шунингдек, ташиш ва алоқа хизматлари, савдо, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётган сўров иштирокчилари инфляцияни юқорироқ даражада сезди.

Мамлакат ҳудудлари кесимида сезилган инфляциянинг нисбатан юқори кўрсаткичлари Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кузатилган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Навоий, Андижон ҳамда Сурхондарё вилоятларида қайд этилди.

Ҳудудлар ва даромадлар кесимида йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 16,6 фоизни ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида, 8 та ҳудудда инфляция кўрсаткичлари республика бўйича ўртача умумий инфляция даражасидан баланд бўлди. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Сирдарё, Сурҳондарё ва Наманган вилоятларида озиқ-овқат нархлари ўсиши суръатлари қолган ҳудудларга нисбатан юқорироқ эканлигини кўриш мумкин.

Хусусан, апрель ойидан бошлаб ички нархлар ўсишининг тезлашгани аҳолининг, айниқса, кам даромадли гуруҳларнинг сезилган инфляцияси юқори шаклланишига сабаб бўлди. Бунда, июнь ойида даромадлари 2 млн. сўмгача бўлган уй-хўжаликлари инфляциясининг умумий инфляциядан тафовути 2,4 фоиз бандгача ошган бўлса, сентябрь ойи якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 2 фоиз бандгача пасайди.

Бу, кам даромадли уй хўжаликларининг истеъмол саватида озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши юқорилиги шароитида апрель-сентябрь ойларида асосан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида юқори ўсувчи тенденциялар кузатилганлиги билан изоҳлаш мумкин. Шу ўринда, ижтимоий товарлар нархлари ўсиши сентябрь ойида (йиллик ҳисобда) 16,9 фоизга тенг бўлиб, умумий инфляция билан фарқи 4,7 фоиз бандни ташкил этди.