Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона тумани, Хонқиз МФЙ ҳудудидаги 1 гектар захирадаги ерни сотмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда департамент ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум бўлишича, Р.Х. исмли шахс 2 нафар фуқарони ишонтириб, захирадаги ер майдонини ўзиники эканини айтган ва уни 16 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, танишлари ёрдамида ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Гумондор олдиндан 6 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Наманганнинг Косонсой туманида ҳам аниқланди. Хабар қилинишича, фуқаро Н.И. бошқа бир фуқаро А.га тумандаги «Олмазор» МФЙдаги 10 сотих захирадаги ер майдонини 9 500 АҚШ долларига сотишини айтиб, унга танишлари ёрдамида ушбу ер майдонида дам олиш маскани қуриш учун ҳужжатларни расмийлаштириб бериши эвазига олдиндан 2 000 АҚШ доллари ва 11 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, департаментнинг Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман бўлими томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ж.М. бошқа бир фуқаро И.га туманнинг «Олға» МФЙ ҳудудида жойлашган 15 сотих захирадаги ер майдонини 2 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, танишлари ёрдамида ҳужжатларни расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.