ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилувчи, 1976 йилда туғилган фуқаро ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, хорижда ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати ўтган дори воситаларини қайта қадоқлаш орқали сотувга чиқариш билан шуғуллангани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Хусусан, ушбу манзилда 34 турдаги 445 минг дона дори воситалари борлиги аниқланди. Улардан 24 турдаги дори воситалари Франция, Германия, Бельгия, Венгрия, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Украина давлатларида ишлаб чиқарилган бўлиб, яроқлилик муддати 2007−2020 йиллар оралиғида тугаган.

Экспертиза хулосасига кўра, дори воситаларининг умумий қиймати 3 млрд 185 млн 250 минг сўмни ташкил этади.

Шунингдек, ноқонуний цехда қадоқлаш ва дори воситаларининг муддатини ўзгартириш ускуналари, қалбаки штамп ва муҳрлар борлиги ҳам маълум бўлди.

Шунингдек, бу йўналишда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда «Фарғона-Тошкент» йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Яшнобод туманидаги автотураргоҳларнинг бирида тўхтаган Isuzu юк машинаси кўздан кечирилганда, унда хорижда ишлаб чиқарилган, лекин, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 4 турдаги жами 72 425 дона, умумий қиймати 231 млн 760 минг сўмлик тиббиёт буюмлари борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, қўшни давлат ҳудудидан айланма йўллар орқали мамлакатга олиб кирилган ушбу тиббиёт буюмлари Фарғона шаҳрида яшовчи, 1976 йилда туғилган аёлга тегишли бўлган.

Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.