30 августда Тошкент халқаро аэропортида ноқонуний олиб ўтилгани сабаб ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилган 57 дона тимсоҳ болалари ва 10 дона буқаламундан 1 бош тимсоҳча ҳамда 6 бош буқаламун нобуд бўлди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Қўмита ходимлари Тошкент ҳайвонот боғига бориб, жониворларнинг ҳозирги ҳолатини текширган. Улар тимсоҳчалар ҳайвонот боғи экспозициясида ташриф буюрувчилар эътиборига ҳавола қилинаётганини кўрган.

«Ёввойи табиатдан ажратиб олинганлиги сабабли тимсоҳ болаларининг барчаси ҳам бирдек хонаки шароитга мослашганича йўқ. Уларнинг айримлари мустақил равишда озиқлана олмаяпти. Шунингдек, ҳамон махсус карантинда сақланаётган буқаламунларнинг аҳволини ҳам яхши деб бўлмайди. Улар қутида мевалар орасида олиб келинганлиги сабабли парвоз вақтида мевалар ичида сиқилиб қолиб, жиддий шикаст еган», — деди қўмита матбуот котиби.


Нобуд бўлган 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун ҳозирда утилизиацияга қадар махсус музлаткичда сақланмоқда.

Келтирилишича, Ўзбекистон фаунасида Нил тимсоҳлари ва Яман буқаламунлари учрамаслиги сабабли улар мамлакат Қизил китобида киритилмаган. Аммо, Халқаро қизил китобидан жой олган.

Шу сабабли Халқаро савдо қилиш конвенциясига мувофиқ йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларини республикага олиб киришда CITES махсус рухсатномаси керак.

Бироқ, Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, бундай рухсатнома олиш учун мурожаат келиб тушмаган. Жониворларнинг кейинги тақдири суд хукмига биноан ҳал бўлади, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан божхона органлари Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатди.