12 октябрь куни Остона шаҳрида Қозоғистон раислигида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда 14 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Давлат раҳбарлари Кенгаши йиғилишига тақдим этиладиган ҳужжатлар лойиҳалари тасдиқланди.

Шунингдек, МДҲ доирасида 2023 йили кўп даражали ташқи ишлар вазирликлариаро маслаҳатлашувларни ўтказиш режаси ҳамда 2021−2030 — йилларда МДҲга аъзо давлатларнинг Ёшлар бўйича халқаро ҳамкорлиги стратегиясини 2023−2024 йилларга амалга ошириш юзасидан Тадбирлар режаси маъқулланди.

Кўп томонлама музокаралар давомида «Ҳамдўстлик спорт пойтахтлари» давлатлараро дастури қабул қилинди. Унга кўра, МДҲ спорт пойтахти мақоми ҳар йили Ҳамдўстлик давлатларидаги шаҳарлардан бирига берилади.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида Ўзбекистон томони МДҲни янада ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини доимий равишда оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, Ҳамдўстликни тез ўзгарувчан шароитларга мослаштириш, инқирозли вазиятларга тезкор жавоб бериш ва иштирокчи давлатларнинг уларни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш чораларини кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон томонининг МДҲ доирасидаги давлатлараро ва минтақалараро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўйича қатор ташаббуслари эълон қилинди.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2023 йил 14 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.