Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида нутқ сўзлади, дея хабар қилмоқда Президент матбуот котиби.

Сўзининг аввалида давлат раҳбари ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоятда зарур эканлигини кўрсатганини таъкидлади. Ўзбекистон форумни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

«Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ўсиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда. Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда», — деди президент.

Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик манфаатлари, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, президент қуйидаги устувор йўналишларга диққат қаратишга чақирди. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.

«Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммолар қалқиб чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Ўттиз йил муқаддам ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур» — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонлар мажбуриятларини босқичма-босқич бажариш алгоритмини тайёрлаш ва келишиш лозимлигини таъкидлади.

«Бунинг учун юқори даражадаги халқаро музокара олиб борувчи гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига қўшма мурожаати имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз» — деди Шавкат Мирзиёев.