Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида фуқаро қалбаки 13 400 АҚШ долларига автомашина харид қилмоқчи бўлган шахслар аниқланди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Шаҳрисабз туман бўлими терговга қадар текширув ўтказди. Унда аниқланишича, фуқаролар А.Ж. ва Р.М. ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.га тегишли бўлган Cobalt автотранспорт воситасини 13 400 АҚШ долларига сотиб олишга келишган. Харидорлар унга алдов йўли билан автотранспорт воситаси учун 134 дона 100 АҚШ долларлик қалбаки купюраларни берган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.