Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида йўлкира учун тўловда Humo картасидан фойдаланилганда, йўловчиларнинг банк картасидан бир неча соат оралиғида кетма-кет пул ечиб олинаётгани кузатилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан «Газета.uz» мухбири «Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори» МЧЖ (ATTO маркази эгаси) бош раҳбари Даврон Шоякубовдан изоҳ олди.

«Газета.uz» ўқувчиларидан бири йўловчи жамоат транспортидан соат 18:06 да фойдаланганини маълум қилди. Юқоридаги суратдан кўриш мумкинки, тизим соат 18:45, 21:22 ва 21:29 ларда ҳам пул ечиб олган.

Яна бир ҳолатда соат 15:00 да ва кейинчалик 21:59 да пул ечиб олинганини кўриш мумкин.


Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан бири эса метрода фақат кун давомида бир мартагина юрган бўлсада, бунинг учун 3 карра ҳақ тўлаганини ёзган. Унинг таъкидлашича, аввалига балансида пул бўлмаган, бироқ ўша вақтда метрода пул тўлашга уринган вазият, ундан кейинги ҳолат учун ҳам пул ечиб олинган. Эътиборлиси шундан сўнг яна икки марта пул ечилган.

Twitter фойдаланувчилари ҳам мазкур ҳолатга дуч келганини айтмоқда.



HUMO картасидан амалга оширилган яна бир тўловда ҳам бир вақтнинг ўзида 2 мартадан пул ечиб олингани қайд этилган.

Шу каби ҳолат Humans Visa карталари орқали тўлов қилинганда ҳам юз берган.

Эътиборлиси, аввалига кўплаб йўловчилар бунга эътибор қаратишмаган ва ортиқча пул ечиб олишларни кузатишмаган. Тармоқлардаги муҳокамалардан сўнгина картасидаги балансни текшириш жараёнида бунга гувоҳ бўлишган.

Компания раҳбари Humo ва АТТО тизимларидаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ходимлар биргаликда фаолият олиб бораётганини маълум қилди.

«12 сентябрь куни кечаси соат 02:00 ва 03:00 атрофида Humo ўзида маълумотларни янгилаб қўйди. Шу сананинг ўзида бу муаммо ҳал қилинади. Ҳозир Humo тўлов тизимининг „Support“ гуруҳи билан ишлаяпмиз. Улар ҳозир тизимда нечта картадан ортиқча маблағ ечиб олинаётганини ҳисоблаб чиқишяпти. Ҳисоблаб бўлингач фуқароларнинг картасидан ечилган ортиқча пуллар уларнинг ҳисоб рақамига қайтади. Буни сезмаганлар ҳатто улардан пул қачон кетиб, қачон қайтганини ҳам билмай қолишади», — деди Даврон Шоякубов.

Ундирилган ортиқча тўловлар 48 соат давомида қайтарилади. Humo ва АТТО тизимлари келтирилган ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўради.

Компания раҳбари ATTO карталаридан фойдаланганда, бундай ҳолат кузатилмаётганини қўшимча қилди.