«Шарқий» хабни ривожлантириш ҳамда Фарғона водийсидан авиақатновларни кўпайтириш мақсадида UzAirways 30 октябрдан бошлаб Фарғона — Дубай — Фарғона йўналиши бўйича янги авиақатновларни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Парвозлар ҳафтада 2 марта — сешанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. Авиакомпания ҳозирда Ўзбекистон-БАА йўналишига кўпроқ эътибор қаратишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда UzAirways Тошкент — Дубай — Тошкент йўналиши бўйлаб парвозларни Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемасида амалга оширмоқда. Бундан ташқари, UzAirways Boeing 767 ва Boeing 757 ҳаво кемаларидан Евроосиё ва Шимолий Америка мамлакатларига йўловчиларни етказиш мақсадида фойдаланади.

Маълумот учун, UzAirways Boeing компаниясидан 1996 йилда ўзининг биринчи Boeing 767 ҳаво кемасини қабул қилгандан бери ушбу компания билан ҳамкорлик қилиб келади. 26 йиллик ҳамкорлик давомида Uzbekistan Airways авиапарки Boeing компаниясига тегишли 14 та ҳаво кемасига эга бўлди. 2021 йилнинг май ойида эса UzAirways олтинчи Boeing 787 Dreamliner ҳаво кемасини қабул қилиб олди.

Бугунги кунда UzAirways Тошкентдан Дубай шаҳрига ҳафтасига 6 марта — душанба, чоршанба, пайшанба, жума, шанба ва якшанба кунлари мунтазам авиақатновларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, авиакомпания 31 октябрдан бошлаб Тошкент — Шаржа — Тошкент йўналиши бўйича мунтазам тўғридан-тўғри парвозлар сонини оширмоқда. Авиақатновлар ҳафтанинг душанба, пайшанба ва шанба кунлари бажарилади.