Ўзгидромет қиш мавсуми учун кутилаётган дастлабки прогнозларни эълон қилди

Қиш мавсумида ҳарорат −10 даражагача совуқ, шимолда эса −20 даражагача пасайиши эҳтимолдан ҳоли эмас, бу қиш ойлари учун иқлим меъёридан 5−8 даражага паст, деб ҳисоблайди синоптиклар. Ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши мумкин, шунга қарамасдан умумий баҳолаш аниқлиги юқори эмас, дейилади Ўзгидрометда.

UzAirways Фарғона — Дубай йўналиши бўйича парвозларни йўлга қўймоқда

UzAirways Фарғона ва Дубай ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўймоқда. Шунингдек, авиакомпания Тошкентдан Шаржага рейсларни кўпайтирмоқда.

Маҳаллаларнинг ўз бюджети ва солиқ ундириш ҳуқуқи бўлади

2023 йилдан ҳар бир маҳалла ўз муаммоларини мустақил ҳал этиши учун «маҳалла бюджети» тизимини жорий этилади. Ҳар бир вилоятнинг солиқ ундирилиши паст бўлган биттадан туманида аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади.

2023 йилдан «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун 8 трлн сўм маблағ ажратилади

Президент 2023 йилдан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини айтди. «Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деди у.

Қашқадарёда фуқаро қалбаки долларларга Cobalt сотиб олмоқчи бўлди

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида қалбаки 13 400 АҚШ долларига автомашина харид қилмоқчи бўлган шахслар аниқланди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди.

Шартномасиз ижарада яшовчи 1-курс талабаларига икки ойлик тўловнинг бир қисми тўлаб берилади

Сентябрь ва октябрь ойида шартномасиз ижарада яшовчи 1-курс талабаларига икки ойлик тўловнинг бир қисми тўлаб берилади. Ноябрь ойидан эса тўловлар фақат ижара шартномасини тақдим этган талабалар учун давом эттирилади.

Пойтахтда уй-жой ижараси ўртача 1 млн сўм — ДСҚ

Давлат солиқ қўмитаси статистикага кўра, 1 октябрь ҳолатига солиқ органларида 96 мингдан ортиқ турар жой ижара шартномаси рўйхатга олинган. Маълумотлар таҳлили Тошкент шаҳрида уй-жой ижараси ўртача ойлик 1 млн сўмдан кўпроқни ташкил қилишини кўрсатди.

HUMO карталаридан йўлкира учун тўлов кетма-кет 2−3 мартадан ечиб олинаётгани айтилмоқда

Жамоат транспорти учун Humo картасидан тўлов қилинганда яна бир неча бор пул ечиб олинмоқда. ATTO раҳбари Даврон Шоякубовнинг айтишича, бу банкнинг транзакцияларга ўз вақтида жавоб бермаётгани ва тизим қайта сўров юбориши оқибатида юз беряпти. Фуқаролар картасидан ортиқча ечилган пуллар қайтарилади.

Самарқандда каналдан 18 ёшли қизнинг жасади топилди

Самарқандда бир ой аввал зўрлангани хақида ариза ёзган қизнинг жасади каналдан топилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура 18 ёшли қизнинг мурдаси топилганини тасдиқлаб, ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланганини маълум қилди.

Январь-сентябрь ойларида 9,6 млн нафар киши «Тез ёрдам» чақирган

ССВ маълумотларига кўра, 2022 йилнинг янаварь-сентябрь ойларида жами 9 млн 662 минг нафардан ортиқ одам «103» хизматига мурожаат қилиб, «Тез ёрдам» чақирган. Энг кўп чақириқ Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятидан келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос давридан кўп (9,2 млн нафар).

12 октябрь учун тижорат банклари эълон қилган доллар курси

Марказий банк 12 октябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 11 084,06 сўм этиб белгилади. Тижорат банклари ҳам долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.

Нукус шаҳри ва бир қатор туманларда мактаб ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш бошланди

11 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистоннинг Тахиатош, Хўжайли, Қонликўл ва Амударё туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги жами 98 та умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларини бюджет ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш ишлари бошланди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижросидаги камчиликлар учун мингдан ортиқ масъул жавобгарликка тортилди

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижросидаги камчиликлар учун мингдан ортиқ масъул жавобгарликка тортилди, 3 мингдан ортиғи огоҳлантирилди. ФВВ, Маданият вазирлиги ва қатор вилоят ҳокимликларининг соҳага масъул ўринбосарларига жазо чоралари қўлланилди.

Президент кўчат экиш бўйича «долзарб 40 кунлик»ни эълон қилди

Шавкат Мирзиёев йил якунигача 75 млн дона, 2023 йил баҳор ойларида яна 125 млн дона мевали ва манзарали кўчатлар экиш бўйича топшириқ берди. Дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» эълон қилинди. «Дарахт ҳавас билан экилиши, халқимиз, маҳаллаларимизнинг маданиятига айланиши лозим», — деди президент.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Бундай гўзалликни ўлдириш мумкин эмас». Йўлдош мавзеси аҳолиси — ёғоч уйларнинг бузилиши ва дарахтларни сақлаб қолиш ҳақида

Янгиҳаёт тумани Йўлдош мавзесида авария ҳолатидаги ёғоч уйларда 15 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 5000 та улкан чинор ва эман дарахтлари туфайли уларни кўчириш кечикмоқда. Ҳокимлик муаммони қандай ҳал қилишни режалаштираётгани ва аҳолининг бу ердаги ҳаёт ҳақидаги фикрлари — «Газета.uz» репортажида.

«Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир»

Эркин Аъзам 26 йил аввал «устувор», «боқимонда», «лутфан», «қадамранжида», «ташриф буюрди» каби «ғалати машҳур» ибораларни танқид қилиб, улар аслида бошқа маънони англатишини таъкидлаганди. Йилларга чўзилган ҳаракатсизлик сабаб ёт сўзлар ҳали ҳам суҳбат-мулоқотларимизда ҳукмрон.