Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани ҳудудидан ўтувчи каналда ёш қизнинг жасади топилгани ҳақида хабарлар юзасидан маълумот берди.

Тарқалган хабарларда август ойида қизнинг зўрлангани юзасидан ариза ёзилгани, аммо номаълум сабабларга кўра жиноий иш терговдан тўхтатилгани қайд этилган. Қизнинг телефонида уни зўрлаганликда гумон қилинган йигит ярим тунда хабар юборгани айтилган. Марҳумнинг онасининг айтишича, қиз йўқолган куни у билан бир хонада ётган.

Аниқланишича, 2022 йил 1 октябрь куни Пастдарғом тумани «Камолот» маҳалласи ҳудудида жойлашган ертешар сув тақсимлаш каналида Самарқанд шаҳрида яшаган 18 ёшли Ю.М. (аёл)нинг мурдаси топилган.

Мазкур ўлим сабабини ва бошқа ҳолатларни аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси ҳамда тегишли хизмат текширувлари тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Текшириш мобайнида видеохабарда кўрсатилган бошқа ҳолатларга ҳам ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади», — дейилади хабарда.