«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқларни қайта бериб боради.

Буни қарангки, Эркин Аъзамнинг 26 йил аввал билдирган хавотирлари ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Йилларга чўзилган ҳаракатсизлик, эътиборсизлик сабаб ўзбек тилига ёт бўлган маъносиз сўзлар ҳамон «куч»ини йўқотмаган, ҳали ҳам суҳбат-мулоқотларимизда ҳукмрон.

Билиб гапирганга не етсин

Чамаси, Лев Толстой айтган: «Ҳукм қўлимда бўлса, маъносини яхши билмаган сўзини ишлатган ёзувчига минг дарра буюрардим».

Давлат тили жорий этилгач, сархушликданми, янги сўз ясовчилар, уни тушуниб-тушунмай қўлловчилар ҳам кўпайди. Ўйлаймизки, бу ҳол ўткинчи жараён, дарё кўпира-кўпира тиниқади. Лекин бозор иқтисодиёти баҳона тилимизга кириб ўрнашаётган айрим атамалар ҳақида ҳозирданоқ қайғурмасак бўлмайди, акс ҳолда «ғалати машҳур» иборалар урчиб кетади.

Бу мулоҳазаларни билгич устозларимиз радио-телевидение орқали, матбуот орқали кўп айтишди, биз ҳам такрорласак зиён қилмас. Масалан, «устувор» сўзини биз кўпинча «приоритетний» маъносида ишлатяпмиз, ҳолбуки буни «биринчи галдаги», «асосий», «устун», «афзал» ва ҳоказо шаклларда ифодалаш мумкин, «устувор» эса — пойдевори маҳкам, мустаҳкам дегани.

Ёки «боқимонда» иборасини олайлик. «Боқимонда» — қарзнинг ёки бирон бир молиявий муносабатнинг қолган қисми дегани. Биз эса уни «иждивенц» маъносида ишлатяпмиз, ваҳоланки, ортиқча сўз қидириб юрмай, ўзимиз билган «текинхўр», «текинтомоқ» сўзларини қўллайверсак бўлади.

Бу бари нусха кўчириш иллатининг касри. «Семинар ўз ишини тугатди», «Қурилиш ишлари бошланиб кетди» каби жумлаларни ҳар куни ўқиймиз, эшитамиз. Русчадан сўзма-сўз таржиманинг ўзгинаси бу. «Семинар тугади, поёнига етди, якунланди» ёки «Қурилиш бошланди» деб қўяқолсак бўлмайдими?!

Яна ғашга теккан бир олмош бор — «ўз». «Ёзувчи ўз асарларида қишлоқ ҳаётини акс эттирди». Бу ерда «ўз» олмоши шартми? Ахир, биров мақсадини бошқа бировнинг асарида акс эттиролмайди-ку!

«У ўз хотинига қаради» (бировнинг хотинига қараб кўринг-чи!), «У ўз ишхонасига етиб келди», «Ўз ишига масъулият билан қарайди» ва ҳоказо. Ҳаммаси ўша «свой»нинг таржимаси, вассалом!

«Муаммо кўтармоқ», «Бозорга чиқдим», «лутфан», «қадамранжида», «ташриф буюрди» каби ибораларни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади — минг марта айтилди, ёзилди, аммо ҳар гал тўйга таклифнома олсангиз, ўша гап — «лутфан таклиф этамиз», «қадамранжида қилсангиз»!..

«Кейин биз далага ташриф буюрдик» деб ёзади мухбир. «Ёзаётган сўзингизнинг асл маъносини билмас экансиз, қўйинг, далага ташриф буюрманг, у сизга зор эмас!» дегингиз келади.

«Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир», дейди халқимиз.

Бу ўгит биз қаламкашларга, радио-телевидение ва матбуот ходимларига ҳам тааллуқлидир.

Эркин Аъзам, 1996 йил.

Ушбу фиқра адибнинг «Эрталабки хаёллар» китобидан олинди. Тошкент, «Ўзбекистон» нашриёти, 2015 йил.