Халқаро қизлар кунининг 10 йиллиги муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда илм-фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) кўникмаларини ривожлантириш орқали қизларнинг етакчилик ролларини ва имкониятларини кенгайтиришга инвестицияларни кўпайтиришга чақирди. Бу ҳақда жамғарманинг Ўзбекистонадаги ваколатхонаси баёнотида айтиб ўтилган.

Ўзбекистонда ва бутун Марказий Осиёда авлоддан авлодга ўтиб келаётган салбий меъёрлар ва гендер стереотиплари туфайли қизлар STEM ва ахборот технологиялари (IT) соҳаларида ўқишда кам иштирок этяпти ёки умуман бундан четда қоляпти.

STEM ёки STEАM (science, technology, engineering, art, math) илм-фан, технологиялар, муҳандислик, санъат ва математика каби йўналишларни комплекс тарзда ўқитиш тизими.

«STEM соҳасида гендер тафовутини камайтириш ва қизларнинг етакчилиги ва имкониятларини кенгайтиришга сармоя киритиш жуда муҳим. Рақамли технологиялар билан қамраб олишдаги тафовутни қисқартириш қизлар учун имкониятларни кенгайтиради. Улар рақамли иқтисодиётда иштирок этиш, молиявий саводхонлиги ва ўзини-ўзини таъминлашни яхшилаш учун зарур бўлган кўникмаларни ўрганади ва бу келажакда инсон капиталини оширади ҳамда Ўзбекистоннинг ўсиши ва ривожланишига ҳисса қўшади», — деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ўзбекистонда бандлик, таълим ёки профессионал ўқитиш билан қамраб олинмаган (NEET) инсонлар орасида қизлар ва ёш аёллар кўпчиликни ташкил этиб, бу уларни ижтимоий четланишга кўпроқ мойил этади. Мажбурий ўрта таълимни тугатгандан сўнг, 19−24 ёшдаги ёшларнинг 56 фоизи NEET ҳисобланади (69% аёллар ва 33,4% эркаклар). Ёш аёллар учун NEET даражаси улар 18 ёшга тўлгандан кейин ва мажбурий ўрта таълимни тамомлаганларидан кейин (1,7% дан 69% гача) тез ўсади.

Бундан ташқари, қизлар ва ўғил болалар ўртасида компьютер саводхонлиги, интернетга кириш ва ундан фойдаланиш бўйича сезиларли фарқлар сақланиб қоляпти. Компьютерга эга бўлмаган аёллар улуши 43,5% ни, эркакларда эса 30,0% ни ташкил этади. Интернетдан ҳеч қачон фойдаланмайдиган 14−30 ёшдаги қизлар ва ёш аёллар улуши 68% ни ташкил этади.

Ёшлар ўртасида интернетдан фойдаланмасликнинг асосий сабаблари алоқанинг ёмонлиги, ўз алоқа воситаларига эга бўлмаслиги, интернет нархининг юқорилигидир. Қизлар ва ёш аёллар учун ижтимоий стигма туфайли интернетга кириш ҳам қийин. STEM соҳаларида ёш аёлларнинг кам эканлиги уларнинг ишга жойлашиш имкониятларини камайтиради.

Айниқса ногиронлиги бўлган қизлар таълим олмаслик хавфи остидадир ва рақамли платформалардан хавфсиз равишда фойдаланиш учун минимал рақамли саводхонликка эга эмас, келажакда таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларидан чекланганлар. Ногиронлиги бўлган ёшлар орасида NEET даражаси 77% ни, ўта оғир ногиронлар орасида эса 91 га этади.

Ўзбекистонда ЮНИСEФ IT Park билан биргаликда Қарши, Термиз, Нукус ва Тошкентдаги ахборот-коммуникация марказларида STEM соҳасида етакчиликни ошириш ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш мақсадида бепул комплекс рақамли саводхонлик ва график дизайн ўқув дастурини амалга оширяпти.

Иштирокчилар орасида кўриш, эшитиш ва жисмоний ҳолатлари бўйича ногиронлиги бўлган қизлар ҳам бор. Қизлар ва ёш аёлларга муҳим технология кўникмаларини ўргатиш билан бир қаторда, дастур қизларга гендер тенглиги ва инклюзия тушунчалари ҳамда салбий гендер стереотиплари қизларнинг ҳаётдаги танловларида қандай таъсир кўрсатиши ҳақида маълумот беради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, STEM соҳасидаги таниқли аёллар қизларнинг ушбу соҳаларда таълим олиш ва касбга эга бўлиш билан боғлиқ қарорларига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис дастур доирасида қизларга ана шундай шахслар билан боғланиш имконияти ҳам берилди.

ЮНИСEФ Ўзбекистонда ва ундан ташқарида қизларнинг имкониятларини кенгайтириш учун қуйидаги асосий элементларни аниқлади:

  • ўсмир қизларнинг етакчилигини қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг овозини тинглаш, сўровларига жавоб бериш ва қарорлар қабул қилишда иштирок этиш имконини бериш;
  • ўсмир қизлар учун ресурслар ва инвестицияларни, жумладан сифатли ва инклюзив таълимни қўллаб-қувватловчи ва уларнинг фаровонлигини биринчи ўринга қўядиган тармоқлар ва ташкилотларни кўпайтириш;
  • ҳар доим ўсмир қизларга мўлжалланган инклюзив хизматларга эга бўлиш ва улардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, лекин айниқса инқирозга қарши курашиш ва тикланиш шароитларида бу тадбирларни такомиллаштириш.

Эслатиб ўтамиз, ташкилот бир неча бор қизлар ва аёллар учун тенг ҳуқуқли келажакни шакллантириш учун уларнинг таълим олиш, ахборотлардан фойдаланиш, салоҳиятларини ошириш, иш билан таъминлаш соҳаларига сармоя киритишга чақирган.