11 октябрь куни тонгги соат 05:45 да Қамчиқ довонида «Водий-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган VOLVO русумли юк машинаси қарама-қарши йўналишдаги иккита Isuzu`га урилди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, воқеа А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобиль йўлининг 222,5 километрида бўлган.

Маълум бўлишича, VOLVO ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва 5 тонналик ҳамда 8 тонналик Isuzu юк машиналари билан тўқнашган. ЙТҲ оқибатида 8 тонналик Isuzu`да ёнғин келиб чиққан.

Зудлик билан воқеа жойига ФВВ нинг «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси қутқарувчилари ва ЙПХ ходимлари етиб борди.

Қутқарувчилар махсус асбоб-анжомлар ва техникалар ёрдамида ёнаётган машинани соат 06:07 да ўчиришган. Шунингдек, ҳодиса оқибатларини бартараф этишга Фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар ҳам жалб этилган.

Қутқарувчилар воқеа жойида жабрланган 3 нафар юк машиналари ҳайдовчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага юборди. Ҳодиса оқибатида халок бўлганлар йўқ, дейилади хабарда.