Бош прокуратура жорий йил бошида Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасидан тарихий-бадиий аҳамиятга эга 57 та қўлёзма ва тошбосма асарлар талон-торож қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатганди.

10 октябрь куни Тошкент шаҳар ЖИБ Мирзо Улуғбек тумани судида мазкур иш юзасидан суд ҳукми ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати раҳбари хабар берди.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи аёл (1962 й.т.) И.К. — 2008 йилнинг 2 декабридан 2022 йилнинг 14 апрелигача ЎзМУнинг Ахборот ресурслар марказида директор бўлиб ишлаган.

Аввалроқ, 2018 йилда университетда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Лекин университетнинг асосий биноси ва музей хоналари таъмирлаб бўлинганидан кейин ҳам музейдаги ашёлар, хусусан, нодир китоблар ва қўлёзмалар ўз жойига қайтариб қўйилмагани ҳақида ёзгандик.

Тошкент шаҳар судлари маълумотига кўра, судланувчи «мансабдор шахс бўла туриб, хизмат вазифаларига тарихий ва маданий меросларни сақлаш ва яхлитлигини таъминлаш кирса-да, ноқонуний даромадлар ортириш мақсадида, жиноят ишининг қисми алоҳида иш юритувига ажратилган шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктиради».

«Улар бир гуруҳ шахс бўлиб, унга ишониб топширилган ва унинг ихтиёрида бўлган Ахборот ресурс маркази „Шарқий“ фондининг умумий баҳоси 2 млрд 656 млн 600 минг сўм қийматга эга ноёб — 57 та тарихий қўлёзма асарларни, ХIII-XIX асрларга оид 12 та тошбосма ва 9 та тарихий ҳужжатларини талон-торож қилиб, жуда кўп миқдорда давлат манфаатларига зарар етказган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, судланувчи аёл ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, содир қилган оғир жиноятининг изини яшириш мақсадида Ахборот ресурслар марказининг ўта муҳим аҳамиятга эга, тарихий-маданий қимматликлар ҳақида маълумот берадиган 341 та инвентарь китобларини тақдим қилмаслиги оқибатида 45 та ноёб қўлёзмалар, 104 та ноёб тошбосмаларни, яъни давлат ва жамоат тарихий-маданий бойликларининг йўқолиб кетишига сабаб бўлган.

Улар орасида XIII асрга оид Абу Бакр Собунийнинг қўлёзма асари, Шарафиддин Али Яздийнинг ХV асрда ёзилган «Муқаддимаи Зафарнома» қўлёзма китоби, Алишер Навоийнинг тилла суви юритилган «Хамса» достони ва бошқа ўнлаб нодир қўлёзмалар ҳам мавжуд.

Судланувчи ЖКнинг тегишли моддалари билан айбли деб топилди. Унга узил кесил 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум, жабрланувчи томонидан эса ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин. Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади.