6 октябрь куни ҳукуматнинг [577-сонли] «Қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Унга кўра, қурилиш соҳасига оид талабларни соддалаштиришнинг асосий мақсадларидан бири этиб — эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш белгиланди.

Шундан келиб чиқиб, 1 январдан «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун доирасида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларидаги қиймати смета-ресурс нормалари асосида шакллантирилади.

Шунингдек, қурилиш-монтаж, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштираётган тадбиркорлик субъектлари учун смета-ресурс нормалари тавсиявий хусусиятга эга бўлади.

Қурилиш регламентлари ҳамда смета-ресурс нормалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар жумласига кирмайди ҳамда уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди.

Бундан ташқари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари камида ҳар 3−4 йилда қайта кўриб чиқилади ва заруратга кўра янгилаб борилади. Қурилиш материаллари ва жиҳозларига оид стандартлар фақат Қурилиш вазирлиги томонидан қабул қилинади.

Шаҳарсозлик фаолияти соҳасига доир миллий норматив ҳужжатлар билан бир вақтда рухсат этиладиган хорижий норматив ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган ҳамда хорижий давлатларда экспертизадан ўтказилган лойиҳаларнинг тегишли қисмлари тўғридан-тўғри тан олинади.