10 октябрь куни президент «Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги [ПҚ-388-сон] қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унда маҳаллий минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш орқали янги турдаги кимё ва газ-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соҳага маҳаллий ва хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш мақсад қилинган.

Кимёвий технологик илмий-ишлаб чиқариш кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш учун қуйидаги технологик кластерлар ташкил этилади:

  • «Навоий кимё технопарки»;
  • «Фарғона кимё технопарки»;
  • «Қорақалпоғистон кимё технопарки».

1 апрелга қадар Халқаро молия корпорацияси билан хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда «Навоийазот» АЖда техник комплекс ўрганиш ишлари бўлади. 1 августга қадар бирламчи бозор ҳолатини ўрганиш якунланади.

1 сентябрга қадар «Навоийазот» АЖда ўтказилган техник комплекс ўрганиш ва бирламчи бозор ҳолатини ўрганиш натижалари асосида жамиятни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 30 июнга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Навоий вилояти ҳокимлиги мазкур қарор билан тоифаси ўзгартирилаётган суғориладиган ер участкалари майдонига тенг миқдорда янги ерларни ўзлаштиради.