Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Бельгияда амалий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда қўмита расмий ахборот хизмати «Газета.uz» хабар берди.

Ташриф давомида ДБҚ раиси ва Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурия билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор таклифларни илгари сурди.

Хусусан, кадрларни тайёрлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишларида Жаҳон божхона ташкилоти мутахассисларининг Ўзбекистонда божхона органлари ходимларининг ўқув жараёнидаги иштирокини кучайтириш, ташкилотнинг ҳудудий ўқув марказларида Божхона институтининг профессор-ўқитувчилари учун мунтазам амалиётларни йўлга қўйиш каби имкониятлар ўрганилмоқда.

Шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг навбатдаги йиллик «PICARD» нуфузли халқаро конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди.

«Бизнинг олий мақсадимиз — ходимларга зарур бўлган барча шароитларни яратиш, ижтимоий ҳимояни кучайтиришдан иборатдир. Барчамизга маълумки, ходим учун қулай иш шароити яратилмас экан, ходимнинг ўзи ушбу шароитни яратиш мақсадида коррупцияга қўл уради. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш учун биз БАА, Корея, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва қўшни давлатларда бўлиб, ҳар бир давлатда ходимларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича хорижий тажрибасини пухта ўрганиб чиқдик ва бу борада ўзимизнинг моделимизни ишлаб чиқдик», — деди ўз сўзида Мавлонов.

Шунингдек, ташкилот доирасида халқаро даражадаги йирик тадбирларни Ўзбекистонда (Самарқанд шаҳрида) ўтказиш таклифи билдирилди.