«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишда катта-кичик қадамлар ташланди, бироқ ўзбек тили мақомини тўла-тўкис мустаҳкамлай олмади. Тил борасида ечимини кутаётган муаммолар ҳамон камаймаган. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради.

Чекинишга ҳаққимиз йўқ

Ўзбекистон ССЖнинг Давлат тили ҳақидаги қонуннинг 1-моддаси иккинчи хатида: «Ўзбекистон ССР ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантиради ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида тўлиқ амал қилинишини таъминлайди», деб қайд этилган. Бу ўринда гапнинг иккинчи қисмига эътиборни қаратайлик. Бунинг учун ўзбек тилининг олий ўқув юртларида ўқитилишини йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Яқингинада ўзбек тили ўзбек филологияси факультетларидаю, қисқартирилган соатларда журналистика ва мактабгача тарбия факультетларида, рус филологияси факультетида имтиҳон бермаслик шарти билан қисман ўқитиладиган даражага келиб қолган эди. Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилингач, ҳолат тамоман ўзгарди. Рус тилида ўқитиладиган барча факультетларда ўзбек тили фани киритилиши амалга оша бошлади.

Чет тили факультетлари ва институтларида, агар дарслар ўзбекча олиб борилаётган бўлса, ўзбек тили фан сифатида қўйилди. Тошкент маданият институтида ҳам ўзбек тили кафедраси тикланди. Булар ҳаммаси яхши, аммо ҳали иш кўнгилдагидек йўлга қўйилди, деб бўладими? Олий ўқув юртларига ўзбек тилининг киритилишига юзаки қараб, масаланинг юзаки ҳал қилинаётганини ва айримлар бу тадбирдан чекина бошлаганини ҳам кузатиш мумкин.

Шу кунларда ўзбек тилида ўқитиладиган чет институтлари ва факультетларида ўзбек тили фан сифатида ўқитилмайди. Бироқ шуни айтиш керакки, Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти, ТошДДнинг роман-герман ва шарқ факультетлари, шунингдек, жумҳуриятимизнинг бошқа дорилфунуни ва институтлари чет тили факультетларининг айримларига ўзбек тили киритиб кўрилди. Ўзбек тили эса иккинчи мутахассислик учун мўлжалланган эди. Бу кутилганидек натижа бермагач, ўқув планидан чиқариб ташланди. Чунки чет тили факультетларида тор доирадаги ўзбек тилини ўқиган мутахассиснинг билими филология факультетларини битириб чиқаётган мутахассисларнинг билимига тенг кела олмасди.

Лекин унинг бошқа томони — чет тилини ўзлаштириши учун ёрдам бериши, чет тилини унга қиёсан ўрганиш манфаатлироқ эканлиги ҳисобга олинмади. Ахир одамлар она тили базасида мушоҳада қилади. Шунинг учун халқнинг тафаккур теранлиги ва кенглиги: дунёқараш, маданияти, санъати, ҳатто ишлаб чиқариш оламигача шу халқ тилида ўз аксини топади. Ҳар бир халқ вакили ўз авлодидан мерос бўлиб қолган урф-одати, дунёқараши билан мушоҳада қилар экан, уни ифодалаши учун фақат она тили қодир бўлиб, у шу она тили базасидагина реаллаша олади. Мана шу мушоҳадани, киши бирор чет тилини жуда яхши эгаллаган тақдирда ҳам унга она тили базасидан таржима қилиб ўтказади.

Чет тили шу вақтгача рус тили орқали, таржима қилиш билан ўргатиляпти. Бунда талабанинг чет тилини эгаллаш даражаси рус тилини қай даражада билиши билан боғлиқ бўлиб қолади. Агар талаба рус тилини яхши билмайдиган бўлса-чи?..

Ҳозир Тошкент давлат чет тиллар педагогика институтида ўзбек тили ўқитилади. Бироқ ҳаммаси бўлиб унга ажратилган вақт 80 соатдан ошмайди. ТошДДнинг роман-герман факультетига эса 60 соат атрофида дарс қўйилди. Бу, албатта, дарёдан гап, холос.

ТошДДнинг ҳуқуқ факультетида ҳам ўзбек тили ўқитилмайди. Бу факультетга кирувчилар қабулда дастлабки ёзма имтиҳондаёқ зўрға 30 фоиз қоладилар, қолганларининг аксарияти «3» баҳолилардир. Улар мутахассис сифатида тергов ва суд идораларига ижтимоий таъминот, фуқаролик ҳолати далолатини қайд этиш (ФҲДК) бўлимларига, ҳуқуқ кенгашига ишга борадилар. Уларнинг ҳаммасида ҳам инсон тақдири ҳақида ҳужжатлар тузилади. Афсуски, ўша савод билан улар тузган ҳужжатлардан ҳам бир қанчасини кўздан кечиришга тўғри келди. Афсус…

Маълумки, маданият ва санъатни тилдан ажратилган ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам 1974 йил Тошкент Маданият институти ташкил қилинганда бу фанга катта эътибор берилган эди. Бироқ саксонинчи йилларда ўзбек тили фани ва шу фан кафедраси йўқотилди.

Энди ўзбек халқи учун хизмат қилувчи ва ўзбек адабий тилидан бехабар кутубхоначи, режиссёр, ташкилотчи, конферансье, хонанда, актёр кабиларни бир тасаввур қилиб кўринг. Тўғри, ўтган ўқув йилидан яна институтда ўзбек тили дарси тикланди, аммо аввалгидек ҳажмда дарс соати ва профессорлари йўқ. Қайта тикланган кафедра асосан адабиётчилардан иборат бўлиб қолган. Иймоним комилки, улар тилшунослик моҳиятига унча ета билмайдилар. Театр ва рассомлик институтида эса умуман ўзбек тилини фан сифатида ўқитиш ўйлаб ҳам кўрилмаган. Уларда саҳна нутқи деган фан ўқитилади. Аммо адабий тил ўргатилмасдан бу фанни ўргатиш қанчалик манфаат келтира оларкан?!

Ўзбек тилига филология журналистика факультетларида эътибор қилинган. Бироқ бу ерда ҳам муаммоли ўринлар бор. ТошДДнинг журналистика факультетида «Ҳозирги ўзбек адабий тили» икки йил — 4 семестрда 234 соат ўқитилади. Бу ўзбек филологияси факультетларидагига нисбатан икки баробар кам. Ваҳоланки, журналистлар тил маданиятини ҳаммадан кўра кўп ташвиқот қилувчилардир.

Дорилфунунларнинг филология факультетларида талабаларнинг мустақил тайёргарликларини таъминлаш баҳонаси билан «Ҳозирги ўзбек адабий тили» курсларидан тахминан учдан бир ҳисобида лекциялар қисқартирилди. Аммо дорилфунунларнинг филология факультетлари учун «Ҳозирги ўзбек адабий тили»нинг фонетика, лексикология, морфология курсларидан дарслик ва қўлланмалар мутлақо яратилмаган. Синтаксис бўйича ягона дарслик ҳам ҳозирги давр талабига жавоб беролмайди. Шундай бўлгач, талабалар нимадан фойдаланиб, мустақил тайёргарлик кўришади?! Ҳар қандай бинони қуришдан олдин пойдевор қуриш зарур эмасми?! Натижада шу фан бўйича назарий билимлар бериш учун лекция соати педагогика институтлариникидан икки бараварига камайиб қолган.

«Эски ўзбек тили» курси эса фақат ўзбек тили филологияси факультетлари дарс планида бор. Яна тарих ва архитектура факультетлари ҳам борки, уларга бу курс филологлардан кўра зарурроқ. Чунки тарихчилар архив билан иш кўришади. Архив материаллари эса асосан араб ёзувида. Венгрия, Чехословакия, ГФР, АҚШ дорилфунунларининг география, биология, тарих каби фанлар бўйича мутахассис бўлиб етишадиган студентлари (агар Ўрта Осиё билан боғлиқ иш кўрадиган бўлсалар) бизда (ТошДД) беш-олти ой давомида ўзбек тили ва эски ўзбек ёзувларини ўрганиб қайтишади. Биздаги тикловчи меъморлар эса ёдгорликлар пештоқидаги, қурилмалардаги эски ёзувларга эътибор бермайдилар ва қайта тиклашда тушириб қолдирадилар. Улар эски ёзувни билмаганликлари учун унинг моҳиятига ҳам, тарихий аҳамиятига ҳам, эстетик томонига ҳам тушунмайдилар. Кўринадики, тарихчилар ва тикловчи меъморлар эски ўзбек тилидан ташқари хатти насх, хатти настаълиқ, хатти шикаста, хатти куфий, хатти бобурий каби бир қатор эски ёзувларни ҳам ўқий билиши ва хаттотлик қила олиши шарт.

Эски ўзбек тили ва ёзувини физика, математика, кимё, биология, механика, геология ва минерология, география, қурилиш, тиббиёт, доришунослик, пазандалик, иқтисод, фалсафа билан боғлиқ факультетлар ўрганиши зарурлиги ҳам равшан бўлиб қолди.

Эски ўзбек тили ва ёзувини, шунингдек, хаттотликни ўргатиш учун мутахассислар ҳам тайёрлаш зарурияти келиб чиқади. Бунинг учун ТошДПИ алоҳида кафедра ташкил қилиб, ишга киришди. Программалар ишлаб чиқилди. Унга ФарДПИ ва БухДПИлар ҳам қўшилишди. Аммо бу институтлар шу соҳа бўйича мактабларга ўқитувчи тайёрлайди. Олий ўқув юртларига шу соҳанинг илмий мутахассисларини тайёрлаш университетларнинг, асосан, ТошДДнинг вазифасидир. Аммо олий даргоҳлар бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрганича йўқ. Шу йўсинда «Давлат тили ҳақидаги қонун»нинг 16-моддаси бажарилмаётир.

Рус тилида ўқийдиган факультет ва курс гуруҳларига ўзбек тилининг қўйилиши ҳам кўнгилдагидек бўлмаяпти. Айрим олий ўқув юртларида энди мўлжал қилинаётган бўлса, айримларида қарордаги 240 соат ўрнига 180 соат ва ундан кам белгиланган.

Маълум факультетларга ўзбек тили, маълум факультетларга ўзбек тили тарихи курсининг киритилиши фақат миллий ғурур учун эмас, зотан, у шу факультетлардаги асосий фанларнинг ривожи, тарихи, ўзлаштирилиши учун хизмат қилади.

Филология фанлари номзоди М. Миртожиев.

Ушбу мақола «Совет Ўзбекистони» газетасининг 1990 йил 29 ноябрь 273 сонидан олинди.