Шу кунларда Тошкент Яшнобод туманидаги Махтумқули кўчасида икки киши ўлимига сабабчи бўлган BMW ҳайдовчиси унинг машинаси қатнов қисмларини ажратувчи бордюрдан қандай қилиб қарама-қарши томонга ўтиб кетганини сўзлаб берди.

«Йўлнинг учинчи бўлагида кетаётгандим (Махтумқули кўчасида бир томонлама қатнов қисми тўртта бўлакдан иборат — таҳр.). Ўртада кетаётган Gentra йўлимга чиқди. Мен ўрта бўлакка қочдим, у кейин яна жойига қайтгиси келиб қолди. Жойига қайтаётганда мени сиқиб қўйди, мен тормоз босдим, у ёғини билмайман… Машина сузуб кетиб қолди, кейин тепага чиқиб кетиб қолди. Ўзимга келганимда машинани ўчирдим», — деди у Тошкент ИИББ намойиш қилган интервьюда.

У суҳбат вақтида айнан қандай тезликда ҳаракатлангани, хавфли «манёв»рларни бажаргани ёки йўқлиги ҳақида оғиз очмаган. Интернетда тарқалган видеода эса BMW бошқа автомобилларга қараганда тезроқ ҳаракатлангани, дастлаб ўнг томонга, кейин эса кескин чап томонга рулни буриб юборганини, сўнга қарама-қарши йўналишга чиқиб кетганини кўриш мумкин.

«Айбланувчи ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларидан узр сўради. «Мен уйдан шу одамга шунақа қиламан деб чиқмаганман. Энди шу билан яшашни айтинг… Ҳаммаларидан кечиришларини сўрайман», — деди у.

BMW ҳайдовчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилди.

Sevimli телеканали репортажидан лавҳа.

Ижтимоий тармоқлар ва блогерлар орасида содир бўлган ҳодисага изоҳлар орасида энг кўпи ҳайдовчининг жуда тез ҳаракатлангани ёки хавфли «манёвр»лар қилгани эмас, балки машина учун «трамплин» вазифасини бажарган қатнов қисмини ажратиб турувчи бордюрни нотўғри қурган шаҳар ҳокимиятини айблашдан иборат бўлиб қолди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова Sevimli телеканалига тергов олди суриштирув ҳамда тергов вақтида аварияга сабаб бўлган омиллар ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

«Агарда ҳақиқатдан йўл транспорт ҳодисаси содир этилишига айнан шу бетон тўсиқ сабабчи, тўсиқнинг тузилиши ҳам омил бўлган бўлса, терговчи томонидан тегишли идораларга тақдимнома киритилади. Шу каби жиноят содир этилишига сабаб бўлган омиллар ва шароитларни бартараф этиш юзасидан киритилади. Тақдимнома кўриб чиқилгач, тегишли ташкилотлар томонидан хулоса қилинади, яъни чора-тадбирлар амалга оширилади», — деди у.

Авария 9 октябрь куни соат 20:30 ларда Яшнобод тумани Махтумқули кўчасида содир бўлгани ҳақида ёзгандик. Катта тезликда ҳаракатланган BMW (давлат рақами — 10 M 666 PA) йўлни ажратувчи тўсиқдан ошиб ўтиб, қарама-қарши йўлдан келаётган Nexia-3 устига қулаб тушиб, уни салонини текислаб қўйганди. Оқибатда Nexia-3 ҳайдовчиси ва йўловчиси вафот этди. Бундан ташқари, BMW яна бир Nexia-3 ва Lacetti машиналарига ҳам зарар етказган.