Пойтахтлик депутатлар душанба куни шаҳарнинг Кичик ҳалқа йўлидаги транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигини 60 км/соат, қолаверса, 10 та марказий кўчада тезликни 50 км/соатгача пасайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Мазкур ҳолатга муносабат билдирар экан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов танганинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратди.

«Бу қарордан баъзилар норози бўлиши мумкин. Лекин, бутун дунёда, аҳоли пунктларида (шаҳарлар, қишлоқлар ва ҳар қандай аҳоли яшайдиган пунктларда), транспорт ҳаракатланиш тезлиги — 50 км. соат. Бу — тўғри қарор. Лекин! Ўзбекистон кўчларида, тезлик ва бошқа қоидаларни эслатувчи белгилар, мутлақ етишмайди. Дунё давлатларида, тезлик чекловларини эслатиб туриш учун, жуда кўп белгилар қўйилади. Ҳар қадамда белгилар бор», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, белгилар жуда кўринарли ерларга, бир хил баландликда қўйилиши лозим.

«Шаҳарлараро трассаларда аҳоли пунктлари кўп. Бу — катта муаммо. Катта трассалардаги қатнов тезлиги, давлатнинг иқтисодий динамикасига, туризм потенциалига, ижтимоий кайфиятга ҳам таъсир қилади. Энг ривожланган давлатларда, катта трассалардаги тезлик катта, ва хавфсизлик — юқори даражада таъминланган», — деди у.

У мисол тариқасида Германияда — тезлик чеклови йўқлиги, Францияда — 130 км, АҚШда эса 120−130 км тавсия қилинганини келтирди.

«Ўзбекистонда эса, мисол учун, Тошкентдан Нукус ёки Хивага бориш учун, юзлаб аҳоли пунктларидан 70 км/соатда ўтишингиз керак. Шунинг учун, одамлар қоидаларга бўйсунишни эмас, уларни алдаб ўтишни ўйлашади. Ҳамма антирадар ўрнатиб олган. Радар йўқлигини билишса, аҳоли пунктида ҳам 90−100 да юраркан. Радарларнинг ҳам вазифаси — қоидага бўйсундириш эмас, кўпроқ маблағ йиғишдек кўринади», — деган фикрда Камолиддин Раббимов.

«Чунки, рационал давлатларда, агар бирон нуқтада одамлар кўп қоида бузаётгани аниқланса, шу ерда янги чора-тадбирлар қўлланилади ва қоида-бузарликнинг олди олинади», — дея тушунтирди у.

Лекин, Ўзбекистонда эса, қоида бузилиб турадиган «нуқталарда» йиллар давомида ҳеч нарса ўзгармайди, фақат бу нуқтада турувчи ЙПХ ходимлари алмашиб, навбатда туришади холос.