Шавкат Мирзиёевнинг жорий ҳафтадаги иш жадвалидан ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий масалаларда қатор тадбир, учрашув ва ташрифлар ўрин олган. Бу ҳақда душанба куни президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

11 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ташриф билан Тошкентга келган Татарстон Республикаси раҳбари Рустам Миннихановни қабул қилади. Унда ҳудудлараро ҳамкорликни янги мазмун ва аниқ лойиҳалар билан янада ривожлантириш ҳамда амалга оширилаётган ҳамкорликдаги қўшма дастурларни янада жадаллаштириш масалаларининг муҳокамаси кўзда тутилган.

Шунингдек, 12−14 октябрь кунлари президент Осиёда ҳамкорлик ва ўзаро ишонч чоралари бўйича кенгаш йиғилиши, МДҲ раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ҳамда «Марказий Осиё — Россия» саммитида иштирок этиш учун Қозоғистонга ташриф буюради.

Ташриф кун тартибида хорижий давлатлар, шу жумладан, Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва бир қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Бундан ташқари ҳафта давомида президентнинг мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожига бағишланаган қатор муҳокамаларни ўтказишлари режалаштирилган.