Ғафур Ғулом боғи бошқарувини қўлга киритган BMP Smart Decision Management вакили боғ 2022 йилнинг ёз ойларида очлишини маълум қилганди. 25 июлда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзолари боғда амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, у 1 сентябрда фойдаланишга топширилишини эълон қилишди.

Бироқ окбярь ойининг 10 санаси келган бўлсада, боғ ҳануз ишга тушгани йўқ. Компания вакиллари ҳозир очилишга тайёргарлик кўрилаётгани, лекин аниқ санаси номаълумлигини қайд этишди. Уларнинг сўзларига кўра, боғни фойдаланишга топшириш учун йил охиригача муддат бор. «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам айни вақтдаги Ғафур Ғулом боғидан фоторепортаж тайёрлади.


Парк нега 1 сентябрдан ишга тушмади?

Уч йилдан бери реконструкциядан чиқмаётган ва турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғини 49 йилга ижарага олган BMP Smart Decision Management қўшма компания раҳбари Отабек Мирзажонов билан қисқа суҳбат уюштирилди.

«Мен ҳозир боғ ҳудудида эмасман. Хориждан келаётган юкларимизни қабул қилиб олиш учун божхонага кетяпман, [боғ] очилишига тайёргарлик кўряпмиз. Лекин аниқ қайси санада очилишини айтолмайман. Октябрь ойида очиш режамизда бор», — деди у.

«Ўзимиз ҳам шошилмасдан чиройли қилиб ишга туширмоқчимиз. 1 сентябрь, 1 октябрь, 1 ноябрь, деб шошилганимиз билан иш бўлмаяпти. Дунёдаги [геосиёсий] вазият туфайли чегараларда муаммолар кузатилмоқда ва буюртма қилинган нарсаларнинг чет элдан келиши ҳам, боғнинг очилиши ҳам кечикмоқда», — деди Отабек Мирзажонов.


Шундан сўнг, компания раҳбарининг ўринбосари Зафар Мирзаулуғов боғ ҳудудидаги таъмирлаш ишларини кўрсатди.

Унинг таъкидлашича, боғни мазкур компанияга ижарага бериш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори 2019 йил 15 августда чиққан бўлса-да, аммо парк ҳудудини BMP Smart Decision Management 2020 йил 1 июнда қабул қилиб олган.

«Чунки ўша пайтда бу ерда 70−80 нафардан ортиқ тадбиркорлар фаолият юритган, кўплаб дўконлар бўлган. Биз уларнинг ҳар бирига тушунтиришимиз учун анча вақт кетган. Орада карантин бўлди. Шу сабабли боғ ҳудудида таъмирлаш ишларини бошлаш озгина чўзилди. Лекин Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестиция мажбуриятига кўра, боғни 2022 йилнинг декабрь ойи охиригача топшириш белгиланган», — деди у.

Зафар Мирзаулуғов.

Компания вакили боғ фаолияти сентябрдан бошланмаганига Украина ва Россиядан техникалар келиши кечикканини сабаб қилиб келтирди.

«Паркни 1 сентябрдан ишга туширишни режалаштиргандик. Аммо карантин пайтида тўрт, бешта давлатга техникалар буюртма қилганимиз учун уларнинг айримларини Тошкентга етиб келиши кечикмоқда. Ҳозирги кунда Украина ва Россиядан бир қанча техникаларнинг келишини кутяпмиз. Боғнинг 90 фоиз қисми тайёр. Ўзимиз ҳам кутмаган ҳар хил муаммолар келиб чиқаётгани учун аниқ бир санани айта олмаймиз. Лекин синов тариқасида октябрь ойида очилиши режалаштирилган. Тўлақонли очилиш эса декбарь якунигача. Унга қадар аҳолидан келиб тушган турли эътироз ва фикрларга асосан, камчиликларни бартараф этиб борамиз», — деди Зафар Мирзаулуғов.

Ҳозирга қадар боғ учун 9,5 млн доллар сарфланди

Унинг таъкидлашича, боғ ҳудуди 14 гектардан иборат бўлиб, 200 та видеокамера ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Қолаверса, экотизимга катта аҳамият қаратилган бўлиб, 2 мингдан зиёд турли маназарали дарахтлар экилди. 127 минг долларлик ҳар хил гуллар харид қилиниб, ўтқазиляпти. Уларнинг аксарияти чет элдан олиб келинмоқда.

«Ушбу боғда 11 ёшимдан бери ишлайман. 2016 йилдан буён раҳбар ўринбосариман. Аввал канализация тизими деярли бўлмаган. Икки тарафдаги канализация кўчага чиқиб кетадиган эди. Ҳозир эса канализация тўлиқ мавжуд. Санитария қоидаларига жавоб бердиган боғга айланяпти. Аҳоли келиб, маза қилиб дам оладиган парк бўляпти. Олдинги ҳолат билан бугунгини таққослайдиган бўлсак, ҳозир бутунлай очилиб кетган, аввал ҳар қадамда бино бор эди. Ҳозир икки юз метр нарини ҳам бемалол кўриш мумкин», — деди Зафар Мирзаулуғов.

BMP вакилининг қўшимча қилишича, инвестиция мажбуриятида боғ ҳудудида реконструкция ишларини бажариш, бино иншоотларини қуриш ва хориждан олиб келинган аттракционлар ҳамда ўйин қурилмаларини ўрнатиш ишларига 72 миллиард сўм этиб белгиланган. Аммо ҳозирги кунга келиб компания 9,5 миллион доллар маблағ сарфлади.

«Сув ҳавзаси иккита бўлиб, жами 5 гектарни ташкил этади. 18 та қайиқ олиб келинган. Ҳавзага сув қуйилиб, тўлдирилганидан сўнг қайиқлардан ҳам фойдаланиш бошланади», — деди у.

Зафар Мирзаулуғов паркка 215 нафар ходимлар ишга олиниши, айни пайтда суҳбат ва ўқитиш жараёнлари кетаётганини қайд этди.

Аввалроқ, Тошкент ҳокими Жаҳоншир Ортиқхўжаев инвестиция мажбуриятларини бажармагани учун танқид қилганди.