6 октябрь куни Тошкент шахрида божхоначилар 433 млн сўмлик пиротхеника воситаларини тўхтатиб қолишди, дея Божхона қўмитаси матбуот котиби Хусан Тангриев хабар бермоқда.

«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари ДХХ ходимлари билан бирга тезкор тадбир ўтказди. Улар олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги Isuzu юк машинасини тўхтатиб, текширганда юкхонадаги кетмон дасталари ортидан қоғоз қутиларда 5 турдаги 77 272 дона пиротехника воситаларини топди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур салют ва петардаларнинг жами қиймати 433 млн сўм.

Бундан ташқари мазкур машинада 28 640 дона лекопластир ва термометрлар, 41 488 дона шахсий гигиена ва парфюмерия воситалари ҳам муқаддам ноқонуний равишда олиб кирилгани маълум бўлди. Тўхтатиб қолинган товарларнинг умумий қиймати салкам 696 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади.

Маълумот учун, январь ойидан бери божхоначилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар 27 та қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 652 млн сўмлик 109 168 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйди.