9 октябрь куни соат 20:30 ларда Яшнобод тумани Махтумқули кўчасида ЙТҲ оқибатида икки киши вафот этди, дея хабар қилмоқда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, BMW автомобили (давлат рақами — 10 M 666 PA) катта тезликда йўл ўртасидаги бордюрдан ошиб ўтиб, қарама-қарши бўлакка чиқиб кетган ва Nexia-3 устига тушиб, ағдарилган. BMW бошқа Nexia-3 ва Lacetti автомобилларига ҳам зарар етказган (видео).

Ҳодиса оқибатида устига BMW тушган Nexia-3 ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ