Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг делегацияси билан бўлган учрашувда «ЎзМЭТ» тизимига кирувчи янги электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси бўйича кредит ва лойиҳа шартномаси имзоланди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ҳозирги кунга қадар ЕТТБ Ўзбекистондаги 113 лойиҳага 3,6 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.

Жумладан, банк томонидан «ЎзМЭТ»нинг Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги Саримой ва Жонкелди аҳоли яшаш пунктлари ўртасида янги электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш учун 47,1 миллион долларлик молиявий ёрдам берилди.

Янги линия қурилиш жараёнида бўлган, умумий қуввати 1 ГВтли иккита шамол электр станциясини миллий тармоқ билан боғлайди. Лойиҳа ўтиш даври иқтисодиётига эга мамлакатлар жамғармаси ва акциядорларнинг махсус жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Лойиҳа электр таъминоти тизимининг қувватини яхшилайди ва тармоқдаги йўқотишларни камайтиради. Бу, айниқса, Ўзбекистоннинг тобора барқарор энергия таъминотига муҳтож ривожланаётган саноати ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжлари учун жуда муҳимдир, дейилади хабарда.

«Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат, балки барқарор инфратузилмавий ечимларга муҳтож бўлган минтақадаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётдир. Бизнинг банкимиз бундай лойиҳаларни молиялаштириш орқали ушбу ўсишни қўллаб-қувватлашга тайёр», — дея таъкидлади ЕТТБ биринчи вице-президенти Юрген Ригтеринк.