Сентябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича инфляцион кутилмалари пасаювчи динамикани сақлаб қолиб, 15,2 фоиз атрофида шаклланган бўлса, медиана қиймати 11,8 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг сўров натижалари бўйича берган изоҳларида қайд этилган.

Шунингдек, келгуси 12 ойда инфляция кўрсаткичи жорий даражада ёки ундан юқорироқ бўлишини кутаётган респондентларнинг улуши аввалги ойга нисбатан 1 фоиз бандга қисқарган.

Сентябрь ойида аҳолининг кўпчилик қисми келгуси 12 ойда инфляцияни 9−12 фоиз атрофида бўлишини кутишмоқда.

Сўровномада қатнашганлар томонидан келгуси даврда нархларга оширувчи босим кўрсатиши мумкин бўлган асосий омиллар сифатида импорт товарлари ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (42 фоиз), валюта курсининг қадрсизланиши (42 фоиз) ҳамда нархларнинг сунъий оширилиши (31 фоиз) таъкидланган.

Шу билан бирга, турар жой ҳамда ижара тўловларининг ошишини кўрсатган аҳоли вакилларининг улуши ўтган ойга нисбатан юқорилаган (15 фоиздан 18 фоизгача).

Бизнес вакилларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга камайиб, 13,8 фоизгача пасайди, медиана қиймати эса 11,3 фоизни атрофида шаклланди.

Келгуси 12 ойда инфляция кўрсаткичи жорий даражада ёки ундан юқорироқ бўлишини кутаётган респондентларнинг улуши ўтган ойга нисбатан 2 фоизга пасайиб, 45 фоизни ташкил этди. Ушбу ойда тадбиркорларнинг аксарият қисми келгуси 12 ойда инфляцияни 9−12 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.

Шунингдек, сентябрь ойида бир йилдан сўнг инфляция 6−8 фоиз доирасида бўлишини кутаётган бизнес вакилларининг улуши ортиб бормоқда.

Тадбиркорлар томонидан кейинги 12 ойда нархлар ошишига ёқилғи маҳсулотлари ва транспорт хизматларининг нархлари қимматлашиши (35 фоиз) ҳамда иш ҳақи ва нафақаларнинг ошиши (23 фоиз) каби омиллар таъсир этиши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, келгусида нархлар ошишига хориждан хомашё етказиб беришда узилишлар юзага келиши ҳамда импорт қилишдаги тариф ва нотариф чекловларнинг сақланиб қолинишини кутаётган тадбиркорларнинг улуши пасайишда давом этмоқда.