Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги 5,4 гектар майдонда жойлашган «Сижжак» дам олиш масканини яна сотувга қўйди.

Давлат активлари бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади.

ВМнинг 1 августдаги [420-сон] қарорига асосан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари бўйича камида 35 фоиз миқдоридаги дастлабки тўловни бир йўла амалга оширган харидорларга мазкур давлат активларини кредит таъминоти сифатида гаровга қўйиш ҳуқуқи берилади.

Лотнинг бошланғич нархи 71 млрд сўмни ташкил этади. Актив ягона мулкий мажмуа сифатида сотилиши кўзда тутилган.

Дам олиш маскани ўзида меҳмонхона, бир қанча бассейнлар, амфитеатр, коттеж ва бошқа биноларни мужассам этган.

Савдонинг биринчи босқичида иштирок этиш учун талабгорлар аризаси 17 ноябрь куни соат 09:00 га қадар ўзбек ёки рус ёхуд инглиз тилларида қабул қилинади.

2021 йилнинг апрелида ушбу объект бир неча марта сотувга қўйилганди. Ўшанда Давлат активларини бошқариш агентлиги масканнинг суратларини ҳам эълон қилганди.

Аввалроқ, дам олиш маскани Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. 2017 йилнинг 10 февралида оромгоҳ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ажрими билан мусодара этилганди.

Кейинчалик ушбу қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Триатлон федерациясига вақтинча текин фойдаланишга берилди. Кейинроқ масканни оммавий савдолар орқали шаффофлик принципи асосида сотувга қўйишга қарор қилинди.