2022 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти Россиянинг «Мемориал» ва Украинанинг «Центр гражданских свобод» каби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларига, шунингдек, беларуслик ҳуқуқ ҳимоячиси Алесь Беляцкийга топширилди, дея хабар берди қўмита ўзининг расмий сайтида.

«Тинчлик лауреатлари ўз мамлакатларидаги фуқаролик жамиятини ифода этади. Улар кўп йиллар давомида ҳокимиятни танқид қилиш ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган. Улар уруш жиноятлари, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ҳолатларини ҳужжатлаштириш бўйича улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширди. Улар биргаликда тинчлик ва демократия учун фуқаролик жамиятининг қанчалик муҳимлигини намойиш этади», — дейилади қўмита хабарида.

Маълумот учун, 2021 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти журналистлар Мария Ресса (Филиппин) ва Дмитрий Муратовга (Россия) топширилганди.

Нобель қўмитасининг таъкидлашича, мукофот уларнинг «демократия ва давомий тинчликнинг асосий шарти бўлган сўз эркинлигини ҳимоя қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун» берилган.